Кимга мураббий керак?! Моуриньо, Зидан ва яна 5 нафар номдор ишсиз мутахассислар
Жаҳон футболининг бир қатор номдор мураббийлари 2019 йилни ишсиз кутиб олишди. «Матч ТВ» уларнинг рўйхатини тузар экан, янги йилда бу мутахассисларга албатта талаб бўлишини тахмин қилди.
Жозе Моуриньо
Сульшернинг ёрқин стартидан сўнг, мухлислар Моуриньо вақтидаги «МЮ» қанақа бўлганини унута бошлашди. Мисол учун, Хуан Мата хурсанд ва у Манчестерга «оптимизм вақти» келганини айтмоқда. Ўтмишда ўта салбий натижалар бўлган деган хулоса чиқармаслик учун Люк Шоу эслатиб қўйди: «Моуриньо билан жамоа учта соврин ютди. Биз буни ҳурмат қилишимиз керак».
Моуриньо ўтмишда кўплаб совринлар ютган, бундан кейин қандай бўлади — ҳали номаълум.
ОАВда португалиялик мутахассиснинг ёзда «Реал»га қайтиши ҳақида ахборотлар тарқалди. Бу — клуб президенти Флорентино Перес учун мақбул вариант. Аммо Жозенинг келишидан футболчилар хурсанд бўлармикан?
Зайниддин Зидан
Мана ким билан «Реал» футболчилари чиндан ҳам бахтли эдилар. Зидан «Қироллик клуби»ни чиройли тарк этди. Жамоа билан Европа чемпионлар лигасини кетма-кет уч бора ютди, энди, афтидан у Мадридга қайтиш ниятида эмас.
Декабрь бошларида Зиданнинг ўғли Энцо шундай деганди: «Отам яқин орада мураббийлик ишига қайтадиганга ўхшайди». Зизуни, айниқса, «МЮ»да кўпроқ кутишмоқда. Манкунианликларга агар эркинлик берилса, ёрқин ва чиройли ўйин кўрсата олишади. Зидан эса футболчиларни жипслаштириш ва жамоада ижобий муҳитни таъминлашни жуда яхши эплай олади.
Арсен Венгер
«Агар Зидан топ даражада ишламоқчи бўлса, Англияга келиши керак», шундай деганди «Арсенал»нинг собиқ мураббийи Арсен Венгер. Арсеннинг ўзи узоқ фаолиятидан сўнг АПЛ жамоасини тарк этди. Яқинда тарқалган миш-мишларга кўра, унга бошқа чемпионат гранди — «Бавария» қизиқиш билдирган. Бироқ клуб спорт директори Хасан Салихамиджич музокаралар ўтказилганини инкор қилди.
Венгернинг қайтиши учун бошқа вариант — «Милан». Гаттузо бошқарувидаги жамоанинг натижалари қувонарли эмас, шу сабаб бу суперклуб 2019 йилги мавсумни катта тайинлов билан бошлаб қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Антонио Конте
Италиялик бу номдор мутахассис «Челси»дан кетганидан буён, ярим йилдан бери ишсиз. Бу орада унга «МЮ» ва «Реал»дан қизиқиш бўлгани айтилди. Бироқ инглизлар Сульшерни вақтинча мураббий қилиб тайинлашди ва энди Зидан билан келишувга эришиш имкониятини кутишмоқда. «Қироллик клуби» эса Контенинг талабларидан (ҳимояланган шартнома, йилига 10 млн евродан ортиқ маош, беш нафар ёрдамчисини ҳам ишга олиш) ҳангу-манг бўлди ва камтарроқ номзодларни кўриб чиқишга қарор қилди.
Контега ёзга қадар муносиб иш жойи топилиши қийинроқ. Ёзда «Интер» ёки «Рома»да жой бўшаб қолиши мумкин. Италиялик мураббийнинг яна ўз ватанига қайтиши эҳтимоли юқоридек кўринмоқда.
Хулен Лопетеги
ЖЧ-2018 остонасида катта можаро билан Испания термаси бошқарувидан кетган Хулен Лопетегининг «Реал»да ҳам иши юришмади. Лопетеги ўз хизматларини АҚШ термасига таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ тез орада мураббийнинг агенти Карлос Бучеро буни инкор қилди.
«Ҳозир Хулен дам олиши ва тикланиши керак. Сўнг ўз олдига янги мақсадларни қўйишни бошлайди», деганди Бучеро. Ҳозир бозорда бўш турган номдор ва кучли мутахассислар кўплигини ҳисобга олсак, Лопетегининг хотиржамликка берилиши ярамайди.
Лоран Блан
Европанинг қайсидир топ-клубида бош мураббийлик ўрни бўшаса, номзодлар рўйхатига албатта Блан фамилияси ҳам қўшилади. Миш-мишлар уни «Севилья», «Рома», «Бавария», «Барселона» ва «Реал» каби клубларга «жўнатди». Аммо, Блан 2 ярим йилдан бери ишсиз.
Энди Лоран Бланда мураббийлик фаолиятини қайта тиклаши учун битта йўл бор — бирорта ўртаҳол жамоада ёки ўта номдор бўлмаган терма жамоада иш бошлаш.
Андре Виллаш-Боаш
2017 йилнинг ноябрь ойида Виллаш-Боаш Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби билан шартномасини узайтиришдан бош тортганди. У мураббийлик ишидан танаффус олди ва «Дакар-2018» раллисида пойгачи сифатида иштирок этишга йўл олди. У ерда Андре аварияга учради ва бел жароҳатини олиб, узоқ вақтга «пойга»дан чиқди. Виллаш-Боаш романтик ва авантюрист экани аниқ. У Португалия, Англия, Россия ва Хитой клубларида ишлади. Ҳозир «Аль-Наср» клуби 41 ёшли мураббийга йилига 8 миллион тўлашга рози. Бу — Саудия Арабистони саргузаштларини бошлаш учун ажойиб таклиф.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter