Кекса синьоралар «кекса синьора»га қарши (фото)
Голландиянинг «Аякс» жамоаси бугун, 16 апрелда Туринда «Ювентус»га қарши кечадиган Чемпионлар лигаси ¼ финали жавоб учрашуви олдидан мухлисларни ўз «Кекса синьоралари» (Италия грандининг лақаби ҳам худди шундай) билан таништирди.
Уч нафар хоним — 82 ёшли Мип, 84 ёшли Соня ҳамда 76 ёшли Марианна (ҳаммасининг ёши қўшилса —242 ёш!) ўз жамоаларини қанчалик севишлари, унга қандай мухлислик қилишлари, қайси ўйинчиларни ёқтиришларини айтишди.
«Аякс»нинг ашаддий фанатиман. Эрим кўпинча футболни тинчгина кўриш учун ётоққа кириб кетади. Унингча менинг оғзим тинмасмиш, майдондаги воқеаларни холис баҳоламасмишман. Аммо бу ўйинни шунчаки кўриб бўладими, ҳатто баъзида ўрнимдан сакраб туриб кетаман.
Бугунги «Аякс» ҳақиқатан ҳам яхши жамоа. Ўйинчилар бир-бирларини қўллашади, бу жуда муҳим. Де Лигт, Ван де Беек, Тадич, Зиеш ва Нерес — ажойиб ўйинчилар. Дейли Блиндга ҳам гап йўқ. Отаси яхши эди, аммо назаримда, ўғли ундан ҳам ўтади.
Албатта, улар Туриндан ғалаба билан қайтишларига умид қиламан. «Ювентус» унча зўрмас, бироқ уларда Криштиану Роналду бор. Даҳшатли йигит!» — деди Мип хоним «Аякс» ФК расмий сайтига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Амстердамда бўлиб ўтган биринчи ўйин 1:1 ҳисобида тугаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter