ЖЧдан қуруқ қолган Чили термаси ФИФАга арз қилди
Чили футбол федерацияси (ЧФФ) Эквадорни ЖЧ-2022 қатнашчилари қаторидан олиб ташлаш талаби билан ФИФАга даъво аризасини киритган. Чилиликлар Эквадор терма жамоаси таркибида қалбаки ҳужжат билан ўйнаган футболчи борлигини асос қилиб келтиришган.
Бунга исбот сифатида ЧФФ ушбу футболчининг туғилганлик гувоҳномаси ва рўйхатга олиш ҳужжатларини тақдим қилишган. Ҳужжатларга кўра, Эквадор термаси аъзоси Байрон Кастильо аслида Колумбияда туғилган ва камига ёши ҳам 3 йилга кичик қилиб кўрсатилган.
«Барча тўпланган маълумотлар ва ҳужжатларга асосланадиган бўлсак, фактлар жуда жиддий ва ФИФА чуқур суриштирув ўтказиши керак. Биз ҳамиша ҳалол ўйинни ҳурмат қилганмиз ва бошқа федерациялар ҳам шундай йўл тутишига умид қиламиз», деган ЧФФ президенти Пабло Милад.
Шунингдек, ЧФФ эквадорликларнинг саралашда Кастильо майдонга тушган барча натижаларини бекор қилишни ҳам сўрашган. Бунда рақиблар автомат тарзда ҳар бир ўйин учун 3 очкога эга бўлишади. Агар ФИФА даъвони қондирса, Чили Эквадорнинг ўрнини эгаллайди ва ЖЧга боради.
Эквадор термаси саралашни 4-ўринда якунлаб, мундиал йўлланмасини қўлга киритиб бўлган. Улардан кейинги ўринда Перу, олтинчи поғонада эса Чили жойлашган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter