Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гимнастика фожиалари: ким, қачон, қаерда?

Гимнастика фожиалари: ким, қачон, қаерда?

Фото: Google.com

Спорт гимнастикаси тарихига назар ташласангиз, машҳур спортчиларнинг фожиали тақдирига кўзингиз тушади. Нозик ҳаракатлар, эпчиллик ва кучли иродани талаб этиладиган гимнастика кўпчиликнинг наздида инсон соғлиғи учун ўта хавфли спорт туридек кўринади. Аслида ҳам шундайми? Биз бугун ана шундай фожиаларнинг энг машҳурларини ёдга оламиз.

Елена Мухина

Елена Мухинанинг тақдири спорт гимнастикаси тарихида алоҳида ўрганилади. 1978 йилда мутлақ жаҳон чемпионлигига эришган Елена 26 ёшида жароҳатланиб, бир умр тўшакка михланиб қолган.

Фото: «ТАСС»

Жулисса Гомес

Америкалик Жулисса Гомес таяниб сакраш машқи вақтида олган жароҳатидан вафот этди. 1988 йили Япониядаги мусобақада у трамплиндан сакраш чоғида тойиб кетиб бошидан жароҳат олади. Жулисса ҳушидан кетиб, бутунлай фалаж бўлиб қолди. У шифохонада бир неча кун жон сақлади. Сунъий нафас юбориш аппаратининг ўчиб қолиши эса дард устига чипқон бўлди: гимнастикачи қизнинг мияси жиддий шикастланди.

Жулиссанинг оиласи унга 3 йил ғамхўрлик қилди. 1991 йили у ўн саккиз ёшида Хюстонда вафот этди.

Александра Маринеску

Машҳур румин гимнастикачиси, Атланта олимпиадаси чемпиони Александра Маринеску 1997 йили машғулотларда умуртқасидан жароҳатланиб, 15 ёшида спорт билан хайрлашди. Бутунлай шол бўлиб қолишдан қўрққан қиз учта хавфли операцияга рози бўлди. Бироқ, тақдир экан, бир умр ногирон бўлиб қолди.

Сан Лан

17 ёшли хитойлик Сан Лан 1998 йили Нью-Йоркда бўлиб ўтган Яхши ният ўйинларида даҳшатли жароҳат олди. 21 июл куни у машғулот пайти таяниб сакрашни машқ қила туриб ноқулай тарзда боши билан йиқилди. Етти соат давоми этган операциядан сўнг спортчининг ҳаракатланиш имкониятлари қайта тикланмаслиги аён бўлди. Хитой чемпионининг кўнглини кўтариш мақсадида америкаликлар бор куч-ғайратларини ишга солишди. Ҳатто Ҳолливуддан Леонардо ди Каприо ва Жеки Чан каби актёрлар қизни кўргали келишди. Канадалик Селин Дион спортчининг палатасида «Титаник» филмида ижро этилган машҳур қўшиғини куйлаб берди.

Сан Лан
Фото: sportmedicine.ru

1999 йилда ватанига қайтган спортчи кўпчиликнинг ёдидан кўтарилди. 2008 йили Пекинда бўлиб ўтган паралимпия ўйинларида Сан Лан олимпия машъаласини ёқиб берди. Ҳозир собиқ спортчи паралимпия ўйинларида ғолиб чиқишни орзу қилмоқда.

Йоҳан Хаблик

2002 йилнинг ноябрида умуртқасини синдириб олган немис гимнастикачиси Йоҳан Хабликнинг бир қўли бутунлай ишламай қолган.

Алим Ҳасан

2003 йилнинг июлида камерунлик Алим Ҳасан мамлакат чемпионати доирасидаги мусобақада жароҳат олди. Машқлардан бирида спортчи ерга боши билан тушди ва бош суяги ёрилди. Госпиталга олиб борилгач, 24 ёшли Ҳасаннинг жони узилди.

Ронни Зисмер

2004 йилнинг 15 июлида олимпиада медалларига даъвогар бўлган немис спортчиси Ронни Зисмер билан бахтсиз ҳодиса содир бўлди. У машғулот вақтида йиқилиб, бўйнини синдириб олди. Натижада қўли ва оёқлари ишдан чиқди. Бахтсиз ҳодиса спортчи иккиталик салто машқини бажараётганида содир бўлди. Берлиндаги тиббиёт марказининг ташхиси жуда аянчли эди. Бош шифокор Валтер Шафарцикнинг айтишича, «Роннининг фалаж оёқ-қўллари ҳеч қачон ҳаракатлана олмаслиги эҳтимоли жуда катта».

Ронни Зисмер

Врачларнинг тахмини қисман тўғри чиқди. Бугунги кунда Ронни Зисмер ногиронлар аравачасида, бироқ қўли бутунлай шол бўлмаган. У ҳар миллиметр ҳаракат учун курашмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг