Футболчи Алвес шоир Ориповни ўқиганми?
Замонавий футболнинг бетакрор ҳимоячиларидан бўлган бразилиялик Дани Алвес «Олтин тўп» маросими аввалида ғалати ишга қўл урди. Гап шундаки, у инстаграмдаги саҳифасига ўзининг «Олтин тўп» ушлаб тургани акс этган суратини жойлаб, остига: «Бу соврин ўзгача роҳат бағишлайди-да одамга, менга овоз берганларнинг барчасига раҳмат айтаман», дея ёзиб қўйибди. Албатта, бу ҳазил.
Бироқ ҳар қандай ҳазилда ҳақиқат учқунлари бўлиши бор гап. Ҳақиқат шуки, бугунги футболда ҳимоячиларнинг «Олтин тўп»га эга чиқиши ўта мушкул, эътибор — доим найзанинг учи бўлган ярим ҳимоячи ёки ҳужумчиларга қаратилаверади. Ҳолбуки, футболда метин ҳимоячига доим эҳтиёж катта бўлиб келган. Алвес ҳимоядаги ишончли ўйинларидан ташқари, ҳужум қилишни, голли пас беришни қойиллатадиган, қолаверса, ўзи ҳам рақиб дарвозасини тез-тез ишғол қилиши билан шуҳрат қозонган ноёб ҳимоячи саналади.
Алвеснинг бу хатти-ҳаракати ўзбекнинг машҳур шоири Абдулла Ориповнинг «...Ўз-ўзимга шеър ўқийман мен» сатрини ёдга солди. Яъники, шоиримиз мен шеър ёзавераман, ўқиган ўқир, мабодо, бадга тегиб, ҳеч ким ўқимасаям муаммо йўқ, ўзимга ўзим ҳам шеър ўқийвераман, деганди. Алвес ҳам Абдулла Орипов ижодидан баҳраманд бўлган чоғи. Йўқса, ўзини ўзи «Олтин тўп» билан табриклармиди, дегинг келади?!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter