Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эктор Купер: «Мақсадимиз Осиё чемпионатида ғалаба қозониш»

Эктор Купер: «Мақсадимиз Осиё чемпионатида ғалаба қозониш»

Фото:«Ufa.uz»

Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Эктор Купер Осиё кубогига олиб борилаётган тайёргарлик жараёни, бўлиб ўтган йиғинлар хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди:

«Австралияда ўтказган йиғинимизда бўлиб ўтган учрашувлардаги натижалар ижобий бўлмаганини таъкидлай оламан. Лекин ўртоқлик ўйинлари ва йиғинлар мавжуд муаммоаларни кўриб, билиб олиш учун яхши имконият ҳисобланади. Секин-аста мана шу камчиликларни бартараф этган ҳолда Осиё кубогига яхши ҳозирлик олиб боришга уринамиз. Осиё кубогидан умидларимиз катта. Мақсадимиз қитъанинг бош мусобақасида ғалаба қозониш.

Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, мен ҳар қандай ўртоқлик ўйини ёки расмий учрашувга бир хил ёндошаман. Лекин ўртоқлик ўйинларининг яхши жиҳати шундаки, ўзингизда мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, янги тактикаларни синаб кўриш мумкин. Балки менинг ўйин услубим кимгадир ёқмаётган бўлиши мумкин. Агар ўзим хато қилганимга амин бўлсам, ўз услубимни ўзгартиришим ҳам мумкин. Мен буни тўғри қабул қиламан.

Осиё кубогига таркиб танлашда урғу фақатгина ноябрда бўлиб ўтган йиғинда қатнашган футболчиларга қаратилмайди. Шу пайтга қадар ташкил этган барча йиғинлар давомида бир қатор футболчиларни ўз кўз остимизга олиб қўйганмиз. Қoлаверса, ҳали олдинда яна битта ўқув-машғулот йиғинимиз мавжуд. Мухлисларимиз Осиё кубогига борадиган таркибда умуман янги номларни кўришлари ҳам мумкин бўлади.

Қандай тактика асосида майдонга тушишимиз ҳақида гапириб ўтирмаган бўлар эдим. Асосийси мухлислар учун қайд этиладиган натижа муҳим. Биз ҳам мавжуд таркибдан келиб чиққан ҳолда, зарур тактик услубда ўз ўйинимизни шакллантирамиз. Энг муҳими - ўйинимизда мувозанат бўлса бўлгани. Ўйинчилар мен талаб қилаётган жиҳатларни бажаришга қодир. Уларнинг маҳорати менинг талабларимни бажаришга етишига кўзим етяпти. Агар менинг талабларим йигитларга мос келмаса, мен ўз талабларимни ўзгартиришим ҳам мумкун. Мен ҳеч қачон ўз талабларимда қаттиқ туриб олмайман, агар зарур бўлса уни йигитларга мослаштиришим ҳам мумкин.

Ҳар бир жамоада ҳам ўз асосий услуби билан бир қаторда захира вариантлари ҳам мавжуд бўлиши керак. Лекин захира вариантлари сони кўпайиб кетиши ҳам яхши эмас. Балким ноябрдаги йиғинлардан сўнг баъзиларда салбий таассуротлар уйғонгандир. Лекин мен оптимистик руҳдаман ва Осиё кубогига ғалаба қозониш ниятида йўл оламиз.

Баъзан мағлубиятлардан сўнг ҳаммада кайфият тушиб кетади. Лекин мен мураббийлик фаолиятим давомида бунақа вазиятларни кўп кўрганман. Идеал жамоа бўлиш қийин. Насиб этса, ҳали олдинда яхши ўйинлар ва чиройли ғалабаларга гувоҳ бўламиз», дея ўз фикрларини билдирди Купер.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган матбуот анжумани сўнггида терма жамоамиз мухлислари ҳам мураббийга ўз савол ва тилаклари билан мурожаат этишди. Матбуот анжумани сўнггида барча миллий терма жамоамизга яқинлашиб келаётган Осиё кубогида муваффақиятли иштирок тилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг