39 йил комада ётган футболчининг жони узилди
Францияда 1982 йилдан буён комада бўлган футболчи Жан-Пьер Адамс оламдан ўтди. Бу ҳақда 6 сентябрь куни Франция профессионал футболчилар миллий иттифоқи (UNFP) матбуот хизмати хабар берди.
«Биз сўнгги 39 йил давомида унинг учун қайғурган оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, футболчи 73 ёшида ҳаётдан кўз юмган. 1982 йил март ойида у операция вақтида тиббий хатолик туфайли комага тушиб қолган.
Ўша куни анестезиолог бир вақтнинг ўзида бир нечта операцияни назорат қилган ва спортчига юборилиши керак бўлган дозани чалкаштириб юборган. Aдамсни футболчининг аҳволи ёмонлашганини сезмай қолган стажёр кузатиб турган, деб хабар беради «Спорт-Экспресс».
Жан-Пьер Адамс — француз футболчиси. 1948 йил 10 мартда Дакар шаҳрида дунёга келган. У «Ним», «Ницца» ва «ПСЖ» жамоаларида тўп сурган. Франция терма жамоаси сафида 20 дан ортиқ ўйин ўтказган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter