Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2019 йилда футбол қоидалари қандай ўзгаради?

2019 йилда футбол қоидалари қандай ўзгаради?

Фото: «Tv.ua»

Кеча, 22 ноябрь куни Шотландиянинг Глазго шаҳрида Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB)нинг анъанавий йиллик йиғилиши ўтказилди. Унда футбол ўйинига киритилиши кутилаётган эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида ҳам сўз борди.

IFAB ташкилоти, масалан, майдондаги ўйинчининг қўлига тўп тегиши бўйича вазиятни янада аниқроқ ва батафсилроқ ифодаловчи қоида устида ишлаш тарафдори. Гап  атайин қўл билан ўйналмаган, аммо бу жамоага фойда келтирадиган ҳолатлар ҳақида бормоқда.

Кенгаш, шунингдек, яна бир янгиликни тавсия қиляпти: алмаштириладиган ўйинчи майдонни ўзига яқин ён ва юза томондан тарк этиши керак. Айни пайтда, маълумки, бу иш майдоннинг марказий ён томонида, захира ўйинчилари ўриндиқлари яқинида амалга ошириляпти. Кенгаш аъзолари бу билан ўйинчи алмаштириш орқали «вақтдан ютувчилар»га қарши курашмоқчи.

Тавсиялардан яна бирида жамоаларнинг раҳбар-ходимларига спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари учун қизил ва сариқ карточкалар кўрсатиш ҳақида гап боради. Жарима майдони ичидан тепиладиган эркин тўпни ўйнаб кетаверишга рухсат берилиши ҳам кейинги йилги муҳокамалар марказида бўлади. Бундан ташқари, IFAB дарвозабонларга пенальти тепилаётган пайтида фақат битта оёғини чизиқда қолдириб, зарбагача ҳаракатни бошлашга рухсат бериши мумкин. Ҳозир эса 11 метрлик тепилаётганида дарвозабонлар ҳар икки оёғи билан чизиқда туришга мажбур.

Албатта, юқоридагилардан қайси бирлари кучга киради — буни Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши аъзоларининг  2019 йилнинг 2 март куни Шотландияда бўлиб ўтадиган кейинги йиғилишидан сўнг билиб оламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг