Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ёнгинамизда катта иқтисодий макон бор» – тадқиқотчи

«Ёнгинамизда катта иқтисодий макон бор» – тадқиқотчи

Мамлакатимиз ташқи сиёсатида Жанубий Осиё ҳамиша устувор йўналиш бўлиб келмоқда. Аммо яқин-яқингача биз Жанубий Осиёга нисбатан асосан Афғонистон омили орқали, яъни хавфсизлик нуқтаи назаридан ёндашиб келганмиз. Бу ҳақда Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Бахтиёр  Мустафоевнинг мақоласида сўз боради.

Қайд этилишичса, бунинг натижасида икки томонлама муносабатлар етарли даражада йўлга қўйилмади, мавжуд имкониятлардан фойдаланилмади. 2017 йил Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёнинг етакчи давлатлари — Покистон билан савдо айланмаси атиги 36,5 миллион долларни, Ҳиндистон билан 323 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йил 123 миллион доллар ва 442 миллион долларга етди.

Сўнгги йилларда халқаро муносабатлар соҳасида мазкур давлатлар билан ҳам муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик кучайди.

Жанубий Осиё биз учун йирик бозор, аҳоли нуфуси 2 миллиарддан ортиқ. Ялпи ички маҳсулоти 3,4 триллион доллар. Жанубий Осиё мамлакатларининг ўртача йиллик ўсиши 6-7 фоиз. Ёнгинамизда шундай катта иқтисодий макон бор. Ундан унумли фойдаланиш икки томонга ҳам катта манфаат етказади. Буни бой тарихимиз яққол исботлайди.

Марказий Осиё республикалари денгиз йўлига чиқиш учун бир давлатни, фақат Ўзбекистон икки давлат ҳудудини кесиб ўтиши керак. Бу иқтисодий ўсишга жиддий тўсиқ бўлмоқда. Мисол учун, Марказий Осиё давлатларидан Шанхайга битта контейнер етказиш Туркия ва Польша давлатларига нисбатан 5 баробар қиммат.

Яна бир маълумот, денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатлар экспорт даромадларининг 18 фоизини транспорт харажатларига ишлатади. Бу кўрсаткич денгизга чиқиш имкониятига эга давлатларда 9 фоизни ташкил этади.

Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган «Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли қурилиши минтақаларимизнинг иқтисодий ривожланишини тубдан ўзгартириши шубҳасиз. Иқтисодий таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, янги йўл ишга тушиши билан Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга битта контейнерни етказиш нархи 900 доллардан 286 долларга арзонлашади. Бундан ташқари, юк ташишга сарфланадиган вақт 35 кундан 3-5 кунгача қисқаради. Шу билан бирга, экспорт салоҳияти ҳам кескин ошади.

Ўз навбатида, хавфсизлик масалаларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Хусусан, Афғонистондаги нотинчлик, террористик гуруҳларнинг фаолияти бу борадаги эзгу мақсадларимизга тўғаноқ бўлиши табиий. Шу боис, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишдан доимо манфаатдор ва бу юртда тинчликни мустаҳкамлаш, турли тармоқларни ривожлантиришга ҳисса қўшишга интилиб келяпти, – деб ёзади тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг