Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон нималарга келишиб олди?

Жорий йилнинг 4 август куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари ўртасида уч томонлама саммит бўлиб ўтди. Кун тартибига кўплаб масалалар, жумладан, Амударё сув ҳавзасидан фойдаланиш масаласи киритилди.

«Xabar.uz» ушбу мавзуда иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул ва сиёсатшунос Фарҳод Каримов билан суҳбатлашди.

Ашхободда бўлиб ўтган уч томонлама саммит бошқа саммитлардан нимаси билан фарқ қилади? Кун тартибига қайси масалалар кўтарилган бўлиши мумкин?

Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:

– Аввало, бу регионал саммит. Бу ерда асосан 3 та республикани қийнаётган муаммолар муҳокама қилинди. Биринчи муаммо – Амударё ҳавзасидан фойдаланиш. Иккинчи муаммо – энергетика. Учинчи муаммо – логистика. Айни шу масалалар Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга тегишли бўлгани учун қолган Марказий Осиёда давлатлари бу саммитга таклиф қилинмаган.

Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:

– Бу умумий лойиҳани келишиб олиш учун ташкил қилинган саммит, деб ўйлайман. Ўзбекистон ва Туркманистон Форс кўрфазига чиқиш орқали Марказий Осиё учун умумий бир йўлак яратиш мақсадида араб давлатлари ва Эрон билан бир неча бор учрашиб, гаплашиб келади. Ҳозирда бир умумий лойиҳа пишиб етилмоқда. Ушбу лойиҳанинг айрим масалалари Туркманистон билан боғлиқ. Чунки Форс кўрфазини Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлашда Туркманистон ўтиш кўпригини бажариб беради. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Тожикистон Туркманистон билан гаплашиб, масаланинг айрим деталларини келишиб олган.

Бўлиб ўтган саммитда Афғонистон масаласи ҳам кўтарилганми?

Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:

– Сув масаласида Афғонистон трансчегаравий давлат ҳисобланади. Шу вақтга қадар Афғонистон маълум сабабларга кўра сув муаммосини ҳал қилишга қаратилган йиғилишларга таклиф этилмаган. Амударё ҳавзасидаги сув муаммоси асосан Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳал қилиб келинган. Сабаби, Афғонистонда барқарор ҳукумат мавжуд эмас эди. Ҳозирда ҳам «Толибон» ҳукуматини дунё мамлакатлари тан олганича йўқ. Шу боис бу саммитга Афғонистон таклиф этилмаган.

Бундан ташқари, «Толибон» Амударё ўзанида Қўштепа каналини қуришни бошлаб, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон учун сув муаммосини янада кучайтириб юборди. Бу масала Амударё қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистоннинг асосий муаммосига айланиб қолди. Афғонистонсиз бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Ҳозир канал деярли битиб бўлган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, канал Амударёнинг 30 фоиз сувини олиб қўяди.

Туркманистон ўзининг газ захиралари бўйича 4-ўринда туради. Ўзбекистон келажакда Туркманистондан газ импорт қилиши мумкин. Узоқ йиллар мобайнида Туркманистон ва Эрон жуда ғалати тариф сиёсатини юритиб келган. Агар шу мамлакатлар тариф сиёсатини енгиллаштирса, бу ўзлари учун ҳам минтақа давлатлари учун ҳам фойдали бўлади.

Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:

– Афғонистонни бу саммитга таклиф этилмагани ҳақида гапирмоқчи эдим. Ашхободдаги саммит давлат раҳбарлари ўртасидаги учрашув. Бу ерда «Толибон»нинг тан олиниш масаласи бор. Чунки ҳукумат тан олинганидан сўнг, учрашувларга ҳукумат раҳбарлари таклиф қилинади. Лекин ҳозирда дефакто муносабатлар олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан Афғонистон вакиллари таклиф этилмаган.

Туркманистонда бўлиб ўтган учрашувлардан кейин махсус комиссия ёки ишчи гуруҳ тузилади. Менимча, айнан шу ишчи гуруҳ тузилганда «Толибон» вакиллари ҳам чақирилади. Яқинда ҳам Ўзбекистон бош вазири ўринбосарининг Афғонистонга бориши режалаштирилган. Тузилган махсус ишчи гуруҳи ҳам «Толибон» вакиллари билан сув масаласи бўйича музокаралар ўтказади. Чунки Қўштепа канали тўлиб оқса, Амударёнинг суви 30 фоизга камайиб кетади. Бу Ўзбекистоннинг жанубида жойлашган вилоятлари учун жуда катта муаммо.

Логистика масаласида ҳам Афғонистоннинг ўрни катта. Бугун Марказий Осиёдаги ресурсларига энг катта қизиқиш билдираётган давлат – бу Хитой. Ҳозирда Хитой ўзига Туркманистон газини Ўзбекистон, Қозоғистон орқали импорт қилади. Бунинг бошқа бир муқобил варианти бор. Яъни, Хитой туркман газини Афғонистон орқали ўзига импорт қилса бўлади. Бу Туркманистон учун ҳам қулай. Лекин Туркманистонда катта газ захиралари бўлгани билан уларни жаҳон бозорига олиб чиқиш жуда ҳам чекланган. Туркманистон ўз газини жаҳон бозорига олиб чиқиши учун турли имкониятларни кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, Туркманистон бундай иқтисодий жараёнлар ортидан геосиёсий муаммолар қўзғалиб қолишини истамаяпти. Яъни, кафолат сўрамоқда. Мени назаримда, айнан шу масалалар муҳокама қилинган. Ўйлашимча, бу охирги саммит эмас. Кейинги учрашувларда бу муаммонинг ечимлари топилади.

   Туркманистонга қайси куч марказлари босим қилиши мумкин?

Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:

– Каспий денгизи атрофида жуда кўплаб энергия ресурслари мавжуд. Бу ҳудудлар бир вақтлар Совет иттифоқининг ҳудуди ҳисобланган. Ҳозир ҳам бу ерда асосий сиёсатни Россия белгилайди. Чунки Россия бу инфраструктурани шакллантирган. Табиийки, лойиҳа Россияга тегишли бўлганидан кейин бу ердаги қонун-қоидаларни у белгилайди. Шу томондан Туркманистонда Россияга боғланиш бор. Бу Туркманистон учун бошқа томондан муаммо. Сабаби, бошқа йўналишда ўз газини сота олмайди, босимлар бўлиши мумкин. Агар Туркманистон Эрон орқали жаҳон бозорига чиқаман деса, Эроннинг ҳам ташқи геосиёсий ҳамкорлари бор. Эрон ўз ҳамкорлари билан алоқаларни бузгиси келмайди. Мана шундай бир чигал масала бор. Лекин ҳозирги геосиёсий ўзгаришлар давридан фойдаланиб ечим изланмоқда.

 Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:

– Ҳақиқатдан ҳам бу ерда асосий куч – Россия. Туркманистон газини жаҳон бозорига олиб чиқиш борасида бир қанча лойиҳалар мавжуд. Лекин булар фақатгина лойиҳа, ҳали амалга ошмаган! 15 йил олдин туркман гази фақат ва фақат Россияга сотилар эди. Ундан бошқа бозор йўқ бўлган. Ҳозир эса туркман газини асосан Хитой сотиб олмоқда. Бундан ташқи, Европа Иттифоқи ўзининг «НАБУККО» лойиҳасини таклиф қилган. «НАБУККО» лойиҳаси 2000 йилларнинг бошидан бери мавжуд. Лекин бу лойиҳани амалга ошишига Россия доим қаршилик қилиб келади. Сабаби, бу «Газпром» манфаатларига тўғри келмайди.

Яна бир ҳали амалга ошмаган «ТАПИ» деб номланган лойиҳа бор. Бунда туркман газини Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга етказиш режа қилинган. Афғонистонда барқарорликнинг мавжуд бўлмагани мазкур лойиҳани тўхтатиб қўйганди. Чунки халқаро инвесторлар тинч мамлакатларга сармоя киритади. Бу лойиҳани амалга ошириш учун эса катта миқдорда пул керак. Покистон ҳам туркман газини сотиб олишдан манфаатдор. Юқоридаги сабаблар Туркманистоннинг энергетика бозоридаги энг катта муаммолар ҳисобланади. Бугунги кунда Туркманистондан фақат Хитой катта миқдорда газ сотиб олмоқда.

Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:

– Саммитда Амударё сув ҳавзасидаги муаммолардан ташқари, Форс кўрфазидаги «Бендер-Аббас» ва «Чо бахор» портларига чиқиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Хитой воситачилигида Эрон ва Саудия Арабистонининг ўзаро яқинлашиши имкониятларни кенгайтирди. Яъни, Ўзбекистон Туркманистон орқали Эрон портларига чиқишни кўзлаган. Энди бу ерда фақат гап Туркманистонда қолди. Шунинг учун бу саммитга Қозоғистон ва Қирғизистон таклиф этилмаган. Буни ҳамма билиб турибди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида логистик марказга айланиш учун яширин кураш кетмоқдами?

Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:

– Албатта, бу бор нарса. Қозоғистон қолган Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга қараганда Хитой билан иқтисодий муносабатларда анча олдинда. Улар отни анча олдин қамчилаб олган. Балки бунга Қозоғистон Хитой билан бевосита чегарадош бўлгани сабабдир. Ўзбекистон эса Хитой билан бевосита чегарадош эмас ва Хитой билан эндигина иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга киришди. Лекин шунга қарамай, Ўзбекистон Хитой билан 3 та катта логистик йўл қуриш бўйича шартнома имзолади. Қозоғистон эса Хитой билан чегарада 2 та катта логистик йўл қуриб олган. Бугунги кунда Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари ичида Хитой билан савдо-сотиқ ва транзит масаласида яққол лидер. Агар Ўзбекистон Хитой билан 3 та темир йўл лойиҳасини амалга оширса, Қозоғистонга рақобатчи бўлади. Бу ерда Ўзбекистоннинг имкониятлари анча яхши. Чунки Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган логистик йўллар Қозоғистондаги йўлга қараганда Хитойга анча яқин. Келажакда Хитой маҳсулотларини қайси давлат кўп ташиса, ўша давлатнинг хазинаси бойиб бораверади.

Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:

– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги рақобат бугун пайдо бўлган эмас. Бу рақобат Совет иттифоқи даврида ҳам мавжуд бўлган. Бу мустақиллик йилларида ҳам давом этди. Бу даврда фақатгина иқтисодий эмас, сиёсий рақобат ҳам кўзга ташланди. Охирги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан бу сиёсий рақобатни соғлом рақобатга айлантириш ҳаракатлари олиб борилди. Қозоғистон ҳам шунга интилмоқда. Иқтисодий соғлом рақобат Марказий Осиё давлатлари учун фақатгина фойдага ишлайди. Чунки рақобат бўлган жойда ўсиш бўлади. Айнан, логистика масаласи бўйича рақобат бўлиши керак. Бу рақобатга нафақат Қозоғистон, Ўзбекистон балки Тожикистон ҳам қўшилиши лозим. Сабаби, бу Марказий Осиё мамлакатларини жаҳон бозорига чиқишини енгиллаштиради.

Логистика – иқтисодиёт учун муҳим соҳа. Ҳозирча, бундан биз катта фойда кўрмаяпмиз. Аслида, ишлаб чиқаришдан кўра логистика (транзит) катта даромад келтиради. Буни биз Туркия мисолида кўришимиз мумкин. Марказий Осиё давлатлари ҳам ўз ҳудудида кўпроқ транзит бўлишини хоҳлайди. Рақобат эса транспорт логистика йўлларини, автомобиль йўлларини ривожланишига олиб келади. Рақобат фақат яхшиликка хизмат қилади. Мамлакат ҳудудидан транзит йўллар ўтса, ичкаридаги кичик ва ўрта бизнеснинг салоҳияти ҳам ошишни бошлайди. Шундоқ ҳам Марказий Осиё узоқ вақт алоҳида-алоҳида фаолият юритди. Эндигина бирлашиб, жаҳон бозорига чиқамиз деган вақтда бундай рақобатлар сиёсийлашмаслиги керак. Буни барча Марказий Осиё мамлакатлари яхши тушуниб турибди.

Жорий йилнинг 18 июль куни Трансафғон темир йўли бўйича протокол имзоланди. Бу лойиҳани амалга ошириш мумкинми?

Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:

– Бу ўзи 2000 йилларни бошида кўтарилган лойиҳа. Юқорида биз айтганимиздек, Афғонистондаги нотинчлик ва ҳокимият учун кураш бу лойиҳани орқага суриб келинган. Мазкур лойиҳанинг дастлабки технологик суммаси 5 млрд долларга баҳоланмоқда. Ушбу рақам яна ҳам ўсиши мумкин. Сабаби, бу темир йўл Ҳиндикуш тоғларидан ўтиши керак. Бу учун инвесторлар ҳам бор. «Толибон» ҳам бу лойиҳа амалга ошишидан жуда-жуда манфаатдор. Буни улар ҳар доим айтиб келган.

Келажакда Ўзбекистон орқали Покистонга темир йўл очилиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда чорраҳага айланиши учун улкан ҳисса қўшади. Боиси, бу ерда гап фақат Ўзбекистон маҳсулотлари ҳақида кетмаяпти. Бу йўлдан ҳамма юради. Афғонистон ва Қозоғистон ўртасида озиқ-овқат бўйича катта шартномалар бор. Ҳозирда тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Афғонистон аҳолиси 40 миллионга яқин. Узоқ йиллик урушлар туфайли Афғонистонда қишлоқ хўжалиги яхши ривожланмаган. Афғонистон учун энг яқин ғалла бозори – Қозоғистон. Чунки Покистон билан географик муаммолар бор. Ҳозирда Қозоғистон Ўзбекистон орқали ўз ғалласини Мозори Шарифгача етказиб бермоқда. Агар Трансафғон йўлаги ишга тушиб, темир йўл бутун Афғонистондан ўтса, бундан Ўзбекистон жуда манфаатдор.

Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:

– Трансафғон лойиҳасига биринчи навбатда Хитой ва араб давлатлари қизиқмоқда. Лекин улар бу лойиҳанинг аниқ баҳосини сўрамоқда. Жорий йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон темир йўллари ва Покистон темир йўл вазирлиги ҳамда «Толибон» вакиллари ўртасида келишув имзоланди. Энди лойиҳа синчиклаб ўрганилиб, баҳоланади. Мана шундан кейин инвестиция масаласи кўтарилади. Яъни, бу билан лойиҳа дарров ишга тушиб қолмайди.

Қачондир Хитой ўзининг «Бир камар, бир йўл» лойиҳасини ишга туширса, бунга муқобил бўлган йўналишларимиз бўлиши керак. Яъни, фақатгина Хитойга боғланиб қолиш керак эмас.

Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг