Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тез тиббий хизматнинг 3 та «хўжайини» бор» — президент

«Тез тиббий хизматнинг 3 та «хўжайини» бор» — президент

Президент раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича бошланган видеоселектор йиғилишида тез тиббий ёрдамнинг 3 та «хўжайини» борлиги айтилган.

«Мисол учун, тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича 2021 йилнинг ўзида вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят тушган. Сабаби, соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг 3 та «хўжайини» бор. Жумладан, тиббиёт ходимини «райздрав» тайинлайди, диспетчерларни ишга қабул қилиш ва дори-дармон таъминоти вилоят шошилинч ёрдам марказида, транспорт парки, ёқилғи таъминоти ва ҳайдовчилар эса «облздрав»га бўйсунади», деган президент.

Бундай бошқарув тизимида чалкашликлар кўплиги, бунинг оқибатида тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш туман ҳудуди билан чекланиб қолгани, тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса ҳам, бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул этмаслиги танқид қилинган.

Йиғилишда вилоят шошилинч марказларида 40 дан зиёд юқори технологик операциялар йўлга қўйилганини қайд этиб, давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳаси вакиллар билан очиқ мулоқотда тез ёрдам хизматини такомиллаштириш бўйича кўплаб масалалар кўтарилган.

«Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларимизни одамлар, биринчи навбатда, тез тиббий ва шошилинч ёрдамда бўлган ўзгаришларни кўргандагина ҳис қилади. Инсон соғлиғи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишда «олтин соат» оралиғида биринчи ёрдам кўрсатувчи бўғин, албатта, тез тиббий ва шошилинч ёрдам ҳисобланади», деган давлат раҳбари.

Сўнгги 5 йилда:

  • 2224 та янги тез ёрдам машинаи олиб берилган ёки транспорт паркининг 80 фоизи янгиланган;
  • замонавий реанимация машиналари сони 24 тадан 435 тага кўпайтирилган;
  • битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори-дармон турлари 20 тадан 45 тагача оширилган.
  • тез ёрдам подстанциялари сони 800 тадан 1 666 тага, тиббий ёрдам бригадалари эса 1 890 тадан 2 695 тага етказилган, натижада тез ёрдамнинг кечикишлари шаҳарларда 10 бараварга қисқарган.

Мисол учун, «Қамчиқ» довонидаги автоҳалокатларда оғир тан жароҳати олган беморлар олдинлари 100 километр масофани босиб, Тошкент ва Наманган шаҳридаги шошилинч марказларга олиб борилган.

Ангрен шаҳри ва Поп туманида очилган марказлар ҳисобига ўтган 3 ойнинг ўзида бош мияда 80 га яқин шошилинч мураккаб операциялар ўтказилган. Ёки Қўрғонтепа туманида ташкил этилган марказда ўткир юрак қон-томир касалликлари бўйича 68 нафар беморга шошилинч операциялар ўтказилиб, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Олдинлари бу операциялар фақат Андижон шаҳрида бўлган.

Шаҳрисабз, Касби, Сирдарё туманларида бундай марказларни ташкил этиш ишлари суст кечаётгани айтилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг