Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Содиқ Сафоев Британия вазири билан учрашди

Содиқ Сафоев Британия вазири билан учрашди

Фото: «Senat.uz»

2021 йил 14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Жанубий Осиё ва Буюк Британия Ҳамдўстлиги ишлари бўйича Давлат вазири Лорд Тарик Аҳмад билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Буюк Британия Давлат вазири Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жумладан ўтган беш йил мобайнида эришилган натижаларни юқори баҳолади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон пандемия шароитида иқтисодий ўсишни сақлаб қолишга муваффақ бўлган саноқли давлатлардан бирига айланди. Давлат бошқаруви тизими самарадорлиги ошмоқда, гендер тенглик мустаҳкамланмоқда, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва таъсири кучаймоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Парламентлараро алоқалар соҳасида, шунингдек, сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, таълим ва бошқа соҳаларда муносабатлар фаоллашди.

Томонлар 2020 йилда тасдиқланган «Марказий Осиёда иқтисодий ривожланиш мақсадида самарали бошқарув» Ўзбекистонга ёрдам дастури ижросини кўриб чиқдилар. Дастур меҳнат, солиқ ва божхона қонунчилигини такомиллаштиришга, давлат корхоналари ва давлат харидларини бошқариш соҳасида самарадорликни оширишга, яшил иқтисодиётни, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини кенгайтиришга қаратилган.

Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, халқаро ташкилотлар доирасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, шунингдек, хавфсизлик ва терроризмга қарши курашишни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Афғонистондаги вазият ва бу мамлакатдаги кейинги воқеалар ривожи юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг