Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи олдидан брифинг ўтказилди
Президент Матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳридаги матбуот марказида Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи олдидан брифинг ўтказди.
Матбуот котибининг брифингда таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг самолёти 15 май куни Вашингтондаги Эндрюс аэропортига қўнади. Шавкат Мирзиёевни АҚШ давлат департаменти раҳбарияти ва бошқа расмий шахслар кутиб олади.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашади. Музокаралар аввал тор доирада, кейин кенг доирада бўлиб ўтади.
Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ делегацияси вакиллари иштирок этади. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Ташриф давомида 40дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши, шунингдек, умумий қиймати 8,5 млрд долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу рақамлар ташриф давомида ўзгариши мумкин ва бу ҳақда қўшимча маълумотлар берилади.
16 май куни кечаси Ўзбекистон томони расмий қабул маросими ўтказади. Унда АҚШ маъмурияти раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари қатнашади.
Президентимиз 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказади. Капитолийда конгрессменлар ва сенаторлар билан учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳартомонлама мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.
Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти билан ҳам учрашади ва мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция жалб қилиш бўйича музокара олиб боради.
Матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов ташриф давомида бўлиб ўтадиган мулоқотлар ва уларнинг натижалари ҳақида қўшимча маълумотлар етказиб борилишини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter