Шавкат Мирзиёев: «Собиқ раҳбарларнинг ҳаммаси, у Абдуллаев бўладими бошқасими, катта муддат билан кетади»
Бугун, 21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлиси вақтида чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари фаолияти тўғрисида гапирди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Ушбу мажлисда Ўзбекистон собиқ бош прокурори Отабек Муродовга нисбатан жиноий иш очилгани маълум қилинганди.
Президент прокуратуранинг собиқ раҳбарларини танқид қилди.
Собиқ бош прокурорга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида гапирар экан, Шавкат Мирзиёев раҳбарлардан «100 минг, 50 минг доллар» миқдорида пуллар олинганини айтиб ўтди.
«Бу нима деган гап? Мансаб берса, дарров ўзгариб қолади. Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан.
Мен Муродовга ишонч билдиргандим.
Прокуратурада коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, тадбиркордан сўрайди давлатдаги ҳолат ҳақида. Тадбиркор нима дейди? Прокурор ҳам, вазир ҳам пул олади дейди-да!
Собиқ раҳбарларнинг ҳаммаси, у Абдуллаев бўладими бошқасими, катта муддат билан кетади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Отабек Муродов 2018 йилнинг январида ДХХ раҳбарлигига ўтган Ихтиёр Абдуллаев ўрнига Бош прокурор бўлганди. Кеча, 20 июн куни у лавозимдан озод этилиб, Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев янги бош прокурор этиб тайинланди.
Бу сўнгги 4 йил давомида тўртинчи марта Ўзбекистон бош прокурори ўзгариши бўлди. 2000 йил февралидан Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров 2015 йилнинг апрелида лавозимини тарк этган ва унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаганди. Абдуллаев 2018 йил январида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини эгаллагач, унинг ўрнида Отабек Муродов иш бошлаганди. Айни вақтда ушбу собиқ бош прокурорларнинг барчасига қарши жиноий очилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter