Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат»да 17 та лойиҳа етарли даражада бажарилмаганини танқид қилди

Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат»да 17 та лойиҳа етарли даражада бажарилмаганини танқид қилди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 февраль куни импорт ҳажмини қисқартириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини таҳлил қилиш, бу борадаги энг муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Маҳаллийлаштириш дастури ва импортни қисқартириш режаси ижросини чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчиликларни танқидий баҳолади. 2017 йилда 948 та маҳаллийлаштириш лойиҳасидан 176 таси бўйича ишлаб чиқариш бошланмагани, 218 таси бўйича эса ишлаб чиқариш прогнози бажарилмагани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 77 та лойиҳаси бўйича 206 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. «Ўзбекозиқовқатхолдинг»да 12 та, «Ўзавтосаноат»да 17 та, Тошкент шаҳрида 65 та, Тошкент вилоятида 65 та лойиҳа етарли даражада бажарилмаган.

Импортни 1 миллиард 81 милллион долларга қисқартириш режаси 88 фоизга бажарилгани танқидий таҳлил қилинди.

Йиғилишда бир қатор хўжалик бирлашмалари томонидан ўз фаолиятига мос бўлмаган ёки мамлакатимизда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган товарларни импорт қилиш ҳолатлари камайиш ўрнига кўпаяётгани қайд этилди. 2017 йилда 185 миллион долларлик, жорий йил январь ойида эса 65 миллион долларлик шундай маҳсулотлар импорт қилинган.

— Тармоқлар учун зарур ускуналар ва тез ишдан чиқувчи бутловчи қисмларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш тўғрисида 10-15 йилдан буён гапирамиз. Лекин, ташаббус ва амалий ҳаракат йўқ. Бир қатор соҳа раҳбарлари маҳаллийлаштиришни ўйламаяпти, зарур маҳсулотни осонгина четдан олиб келиб қўяяпти. Бунга ҳозирги рақобат шароитида машаққат билан топилаётган, иқтисодиётнинг асоси бўлган валюта маблағлари сарф бўлиб кетмоқда, — деди давлат раҳбари.

Маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим товарлар бўйича божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш бўйича топшириқ берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг