Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров билан мулоқот ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Икки мамлакат етакчилари яқинда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида рўй берган фожиали воқеалар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Давлатимиз раҳбари инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Вазиятни нормаллаштириш юзасидан келишувга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитининг асосий якунлари ва унинг доирасида ўтказилган икки томонлама учрашув юзасидан фикр алмашилди.
Олий даражадаги тадбирлар давомида қабул қилинган, энг аввало, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини тайёрлашни тезлаштириш ва илгари суриш бўйича қарорларни тез фурсатда амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яқинда юз берган фожиали воқеалар юзасидан фикр алмашдилар. Президентимиз қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда вазиятнинг авж олишини тўхтатиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилганини чин дилдан олқишлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўтказилган тадбирларнинг сермаҳсул якунларини муҳокама қилдилар.
Устувор йўналишлардаги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларни рўёбга чиқариш, шу жумладан «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Бўлажак олий даражадаги, шу жумладан минтақавий тузилмалар доирасидаги учрашувларга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter