Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

С5+1: АҚШ давлат котиби Марказий Осиё вазирлари билан нималарни муҳокама қилди?

С5+1: АҚШ давлат котиби Марказий Осиё вазирлари билан нималарни муҳокама қилди?

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 22 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашди. Сиёсий машваратда Ўзбекистон (Абдулазиз Комилов), Қозоғистон (Мухтор Тлеуберди), Қирғизистон (Чингиз Айдарбеков) ҳамда Тожикистон (Сирожиддин Муҳриддин) ташқи ишлар вазирлари қатнашди. Туркманистонни эса элчи Меред Оразов тамсил этди.

Давлат котиби Марказий Осиё мамлакатларига аввало терроризмга қарши кураш бўйича ёрдам таклиф этди.

«Биз терроризмга қарши кураш, хусусан, хориждаги жангарилар ва уларнинг оилаларини қайтариш, кузатиш ҳамда жамиятга қайта қўшишдек мураккаб, аммо муҳим вазифа рўёби йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак. Қўшма Штатлар сизларга бу юмушни маромига етказиб адо этиш ва бошқа саъй-ҳаракатларингизда кўмак бериши мумкин», – деди Майк Помпео.

Қайд этилишича, президент Дональд Трамп маъмурияти чегаралар хавфсизлигига жиддий эътибор қаратмоқда. Расмий Вашингтон сарҳадлар дахлсизлиги борасида ҳам Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёр.

Давлат котиби минтақа вазирлари билан музокарада Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасидаги вазиятга эътибор қаратди.

«Терроризм хусусида сўз борар экан, Хитой томонидан Шинжонда олиб борилаётган қатағон кампаниясининг терроризмга қарши курашга мутлақо алоқаси йўқлигини таъкидлашни истардим. Бу ўринда гап Хитойнинг ўз фуқаролари қалбидан мусулмон эътиқоди ва маданиятини суғуриб олишга уриниши ҳақида кетмоқда», – деди у.

АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари дунё мамлакатларини Хитойнинг Шинжондаги зўравонлигига қарши туришга чақирди.

Аввал хабар берганимиздек, давлат котиби жорий йил июль ойида АҚШ пойтахти Вашингтонда ўтказилган диний эркинлик бўйича анжуманда ҳам Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида бир миллиондан зиёд этник озчилик вакиллари тутқун қилинганини афсус ила қайд этган эди.

Майк Помпео Марказий Осиё вазирлари билан учрашувда иқтисодиёт, хусусан, энергетика жабҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилди.

Таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатлари истаган давлати билан тижорий ҳамкорлик қилишга ҳақли ва Қўшма Штатларнинг уларнинг бу ҳуқуқини ҳурмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатларининг «С5+1» форматидаги янги мулоқотига 2015 йил сентябрда айнан Нью-Йоркда асос солинган. Ушбу мулоқот шакли 2015 йил ноябрда Самарқандда ўтган халқаро машваратда расман маъқулланган. Томонлар савдо-иқтисодиёт, транспорт, коммуникация, энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси, наркотрафик, одам ва қурол савдоси каби халқаро жиноятларга қарши кураш, ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва демократик институтларни ривожлантириш, таълим ва маданият каби соҳаларда ҳамкорлик истагини билдирган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг