Россия ҳудудига кириш билан боғлиқ чекловлар бекор қилиниши мумкин
2021 йил 2 март куни Москва шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашув ўтказди.
Учрашув чоғида Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия томонини жорий йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилган мактубини топширди.
Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа томонларни қизиқтирган соҳалардаги Ўзбекистон — Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Илгари эришилган келишувларнинг ижро жараёни ҳамда бўлажак олий ва юқори даражалардаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласини, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш имконияти юзасидан фикр алмашдилар.
Вазирлар БМТ, МДҲ, ШҲТ ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг турли жиҳатлари борасида ҳам сўз юритдилар.
Aфғонистондаги бугунги вазият, инклюзив афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Aфғонистон иштирокида транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ташқи ишлар вазирларининг оммавий ахборот воситалари учун брифинги ўтказилиб, музокараларнинг натижалари эълон қилинди ва журналистлар саволларига жавоблар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter