Расмий Анқара: Ўзбекистон қўшилгач, Туркий кенгаш янада қудратли тузилмага айланади
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши ўтган йиллар давомида дунё ҳамжамиятида мустаҳкамга ўринга эга бўлди. Бу ҳақда мазкур тузилма ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати билан Туркия ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда сўз боради.
Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон етакчилари 2009 йил 3 октябрда туркий тилли давлатларнинг ўзига хос иттифоқи тамал тошини қўйган эди.
«Жорий йил 15 октябрда Боку шаҳрида ўтадиган Туркий кенгашнинг VII саммити ташкилот учун алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, ушбу саммитда Ўзбекистон ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилинади. Ташкилот учун яна бир муҳим ҳодиса бу Туркий кенгашнинг Европа идораси очилишидир», – дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, ўтган 10 йил ичида иттифоқнинг таркибий тузилмаси шаклланди. Хусусан, Парламент ассамблеяси, Турк маданияти халқаро ташкилоти, Турк академияси фаолият юритмоқда. Шунингдек, Турк маданияти ва мероси жамғармаси, Турк бизнес кенгаши ҳамда Турк савдо-саноат қўшма палатаси таъсис этилди.
«Қардош ва дўст мамлакатларнинг маданият, тарих ва тил борасидаги муштарак илдизларига асосланган Туркий кенгаш Евроосиёда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшиш мақсадида келажак сари дадил одим отмоқда», – дейилади Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2018 йили юртимизга расмий ташрифи давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо бўлишини таклиф қилган эди.
Шу тариқа 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Шавкат Мирзиёев биринчи марта Ўзбекистон номидан фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
Жорий йил 13 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Демак, Ўзбекистон ушбу тузилмага бешинчи аъзо сифатида қўшилмоқда.
Куни кеча Туркиянинг юртимиздаги элчиси Меҳмет Сурайя Эр маҳаллий матбуотга берган интервьюсида Ўзбекистон қўшилиши билан Туркий кенгаш янада қудратли бўлишини таъкидлади.
«Ўзининг бой тарихи, аҳолиси ва динамикаси билан Ўзбекистон Туркий кенгашга салмоқли ҳисса қўшиши аниқ. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Ўзбекистонни жалб этган ҳолда, иқтисодиёт, таълим, ёшлар ва спорт, туризм ҳамда транспорт соҳаларида янада турфа ва самарали лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзига хос салоҳиятга эга бўлади», – деди турк дипломати.
Эслатиб ўтамиз, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилотдир. Унинг фаолияти туркийзабон мамлакатлар ўртасида қардошлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter