Президентнинг янги матбуот котиби илк брифингини ўтказди
Ўтган ҳафтада Президент Админстрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент матбуот котиби этиб тайинланган Шерзод Асадов маҳаллий ва хорижий журналистлар учун илк брифингини ўтказди.
Унда жорий ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирок этадиган халқаро расмий тадбирлар ҳақида ОАВ вакилларига қисқача маълумот берилди.
Қайд этилишича, янги матбуот котиби энди тез-тез шу форматда журналистлар билан учрашиб туради.
Аввал маълум қилинганидек, бугун Венгрия Бош вазири Виктор Орбан бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан мамлакатимизга келади.
Эртага Кўксаройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг учрашуви бўлиб ўтади. Ушбу музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Ташриф доирасида иқтисодиёт, энергетика, таълим, маданият, ҳудудлараро ҳамкорлик, бандлик масалалари бўйича 10 га яқин ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан пойтахтимиздаги илмий-тадқиқот ва тарихий объектлар билан ҳам танишади. Ташриф 31 март куни якунланади.
Брифингда шу ҳафта бўлиши кутилаётган яна бир тадбир – Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммити ҳақида ҳам маълумот берилди. Ушбу тадбир 31 март куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди. Фақат бутун дунёдаги эпидемиологик вазият туфайли бўлажак саммит ўша куни видеоконференция тарзида ўтказилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда иштирок этади ва нутқ сўзлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter