Президентнинг иккита маслаҳатчиси лавозими бирлаштирилди
Президентнинг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.
Ушбу янги лавозим аввалги иккита маслаҳатчи лавозимини бирлаштириш орқали ташкил этилган.
Бунда Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси (бунга қадар Турсинхон Худайбергенов маслаҳатчи эди) ҳамда Президентнинг давлат хизмати масалалари бўйича маслаҳатчиси (бунгача вакант эди) лавозимлари тугатилиб, уларнинг негизида янги лавозим жорий этилган.
Фармонда бундан мақсад давлат ва фуқаролар ўртасида ҳамкорликнинг янги тизимини ташкил этиш, давлат органларида мурожаатларни кўриб чиқишнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш ва жойларда муаммолар ҳал этилиши устидан таъсирчан назоратни ўрнатиш эканлиги қайд этилган.
Шунингдек, сўнгги пайтларда Халқ қабулхоналари фаолияти етарли самара бермаётгани, жойлардаги муаммоларни ҳал қилишда сусткашликка йўл қўйиб, асосан сансалорлик билан шуғулланаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқараётгани сабабли Халқ қабулхоналари институтини кучайтириш юзасидан айрим вазифалар белгиланди.
Жумладан, Халқ қабулхоналари ходимларига таъсирчан чора сифатида давлат органлари ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бўйича қонунбузилишлар юзасидан маъмурий баённомалар тузиш ва судга юбориш ҳуқуқи берилмоқда.
Ҳудудлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва жойлардаги вазиятдан келиб чиқиб, тезкор чоралар кўриб бориш мақсадида Халқ қабулхоналари фаолиятини янги ташкил этилаётган Администрация раҳбари ёрдамчилари мувофиқлаштириб боради ва улар бевосита ҳудудларда ўз фаолиятини амалга оширади. Бунда Администрация раҳбари ёрдамчилари штатлари мавжуд штат бирликларини қисқартириш эвазига ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter