Президент Россияга боради
Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Россия Федерацияси Ҳукумат Раисининг биринчи ўринбосари – молия вазири А.Силуанов бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашув чоғида икки мамлакат раҳбарларининг давлат ташрифлари, олий даражадаги бошқа учрашувлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ижроси, шунингдек, уларни белгиланган муддатларда ва тўлақонли бажариш бўйича амалга оширилаётган зарур чора-тадбирлар муҳокама қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил бошида Россия Федерациясига амалга оширилажак ташрифига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ҳужжатлар, жумладан, стратегик жиҳатдан муҳим инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар белгилаб олинди, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, учрашув чоғида энг муҳим соҳалар, хусусан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича фикр алмашилди.
Томонлар ўзаро манфаатдорлик ва ишонч тамойилларига асосланган муносабатларнинг юксак даражаси, шунингдек, уни янада кенгайтириш бўйича улкан салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter