Президентнинг хотин-қизлар тўғрисида қабул қилган қарори жамиятга нима беради?
Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор қабул қилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ушбу қарорнинг жамият ривожига таъсири ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
– Афсуски, бу жамиятимиздаги оғриқли масалалардан бири бўлиб турибди. Ижтимоий тармоқлар орқали кўриб турибмизки, аёлларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўп учраяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 437 нафар аёл шундай муаммолар билан мурожаат қилган.
Президент қарорига асосан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари ташкил этилади.
Ушбу ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирлар – опа-сингилларимизнинг ҳимоясини жиддий кучайтириш ва гендер тенглигини амалда таъминлашга қаратилган навбатдаги катта қадамдир.
Шу билан бирга, давлат раҳбарининг олиб бораётган гендер сиёсатида жуда катта масала – ижтимоий адолатни қарор топтириш ва барқарор тараққиётни таъминлаш вазифаси ётибди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бошқа жиддий ижтимоий масалалар - оила мустаҳкамлигини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш каби вазифалар ечимини осонлаштиради, – деди Шерзод Асадов.
Президент матбуот котиби томонидан баён қилинишича, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter