Президент БМТ минбарида нутқ сўзлайди

Давлатимиз раҳбари кейинги ҳафтада Америка Қўшма Штатларига ташриф давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлайди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Президентимиз халқаро ҳамжамиятни нафақат юртимиздаги ислоҳотлар жараёни, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий-сиёсий модернизация соҳаларида эришилган натижалар билан таништирадилар, балки ҳам минтақавий, ҳам глобал аҳамиятга эга қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси ташриф доирасида АҚШ Президентининг таклифига биноан ўтказиладиган «С5+1» форматидаги АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлатимиз раҳбари 14-15 сентябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги, бешинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида иштирок этиши хабар қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter