Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистонга эътиборсизлик дунё учун қимматга тушади» — Малик Кайлан

«Ўзбекистонга эътиборсизлик дунё учун қимматга тушади» — Малик Кайлан

Машҳур журналист, халқаро эксперт Малик Кайлан «Forbes»да Ўзбекистонда ўтказилган президентлик сайловлари ҳақида ёзди. «Xabar.uz» мазкур мақолани айрим қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этади.

24 октябр куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайловини ўз нуқтаи назарингизга қараб, ҳам мақташингиз, ҳам танқид қилишингиз мумкин. Мен воқеа жойида иштирок этган кузатувчи сифатида кўплаб хорижий журналистлар, ЕХҲТ аъзолари ва бошқалар каби бир олам таассуротлар орттирдим. Танқидий геостратегик мулоҳазаларим, Ўзбекистон ва минтақа келажаги билан боғлиқ жиддий сабабларга кўра, менинг нуқтаи назарим жуда ижобийдир. Бу ҳақда АҚШнинг кўплаб журналистлари ҳам ёзишмоқда.

Мен АҚШнинг Кобулдан тартибсиз чиқиб кетишидан олдин ҳам Ўзбекистоннинг асосий роли ҳақида бир неча бор ёзганман. Лекин шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистонга нисбатан нафақат сиёсий нуқтаи назардан, наинки қанчадан-қанча бошқа нотўғри қарашлар мавжудлиги ажабланарли. Дўстларимга мамлакатдаги ўзгаришларнинг ҳайратланарли тезлиги ва унинг стратегик аҳамияти ҳақида гапириб беришга мажбур бўламан. Улар эса доим ҳам тушунишавермайди.

Ғарбга Москва, Пекин ва Теҳрон билан стратегик алоқалар учун ҳам Марказий Осиёдан дўст керак. Бу Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашим учун етарли сабаб. Буни «Ўзбек баҳори» деб атайман.

Ўзбекистон йигирма беш йил давомида нодемократик режимда бошқарилгани у ҳақидаги таассуротлар салбий бўлишига олиб келган. Аммо ўзгаришлар шунчалик аниқ ва сезиларлики, салбий қарашларни ўзгартирмасдан имкон йўқ.

Ўзбекистон болалар меҳнати, машъум Андижон воқеалари, оммавий сиёсий маҳбусларнинг кўпайиши, мустақил матбуот эркинлигининг паст кўрсаткичда бўлиши каби муаммоларга дуч келган. 2016 йил Каримов вафотидан сўнг давлат бошқарувига келган собиқ бош вазир Шавкат Мирзиёев муаммоларни ечишга эришди. Мирзиёев яхши қўшничилик алоқаларини тиклади, чегараларни очди, мамлакатни маълум маънодаги изоляциядан олиб чиқди.

Инвестиция ва туризмни рағбатлантириш, умуман бизнес учун мамлакатни очиш ишларини амалга оширди. Болалар меҳнатини тугатди. Бу чет эл оммавий ахборот воситаларига чиқиш, инсон ҳуқуқлари бўйича кузатувчилар ва сиёсий фаолликни босқичма-босқич ошириш имконини берди.

Орадан беш йил ўтди. Аммо Ўзбекистон атрофидаги мамлакатларга эътибор беринг. Бу давлат уларга демократик мамлакат нуқтаи назаридан ўрнак. Шунинг учун ҳам расмий Тошкент сўз эркинлиги, демократия, ошкоралик билан ўта пухта ўйланган қадамлар ташламоқда ва тўғри йўлдан бормоқда, деб ҳисоблайман.

Мамлакат улкан суръатларда қайта қурилмоқда. Масалан, «Financial Times»нинг «Жаҳон банкининг бизнес юритиш қулайлиги бўйича» рейтингида 2015 йилда 141-ўринда бўлган бўлса, 2020 йилда 69-ўрингача кўтарилди. Агар ҳаммаси шу янглиғ кетса, яна бир «Осиё йўлбарси»нинг пайдо бўлганини кўришимиз мумкин.

Ўтган ойда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайлови ҳақида ижобий баҳолаш мумкин. Мукаммал эмасдир, лекин аввалгиларга қараганда тараққиёт дарров сезилади. Оддий мисол: октябрдаги сайловга бутун дунёдан мингдан ортиқ кузатувчилар келган. Тан олиш керак, бундан беш йил олдин мамлакатнинг бу даражада яхшиланишига ҳеч ким ишонмаган бўлар эди. Президент Мирзиёев очиқ пойгада ҳам ғалаба қозонишни мақсад қилгани аниқ эди ва шундай бўлди ҳам. Мамлакат Мирзиёевни қўллаб-қувватлайди. У 80 фоиздан зиёд овоз олди. Ўзбекистонликлар буни сохта сайлов, деб ҳисобламайдилар. Бу ҳақда ҳаммамиз бевосита сайловчиларнинг ўзидан, ЕХҲТ кузатувчиларидан, ҳамроҳлик қилаётган барча хорижий оммавий ахборот воситаларидан эшитдик.

Ўзбекистон чорраҳада турибди. Мирзиёев олдида қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, мамлакатни модериназациялаш каби қийин вазифалар бор. Денгизга чиқиш имкони бўлмаган кам сонли давлатлардан бири сифатида у яқин қўшниларга экспорт қилишдан ташқари кенгайиши учун ҳам денгизга чиқиши лозим. Айни пайтда, хабарларга кўра, Тошкент Эрон портидан фойдаланиш бўйича Теҳрон билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳудудни стратегик жиҳатдан ташлаб қўйиш АҚШ учун қимматга тушади. Вақт ўтиши билан таъсир кучаяди ва тарқалади. Ўзбекистон жаҳон тинчлиги учун ҳам муҳим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг