Ўзбекистон–ЕИ: таҳдидларга жавоб, стратегик иттифоқ ва «яшил чироқ»
Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсатида салмоқли ўрин тутади. Буни ўзаро робиталарнинг тобора мустаҳкамланаётгани, савдо алмашуви муттасил ўсаётгани, расмий ташрифлар сони кўпаяётгани ва қўшма лойиҳалар кўлами кенгайиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Қуйида поёнига етаётган 2023 йилда рўй берган Брюссель ва Тошкент муносабатларига доир энг муҳим 5 ҳодиса санаб ўтилади.
I. Ташриф ва учрашувларга бой йил
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида 18 сентябрь куни Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашди. Музокарада икки томонлама муносабатларда ғоят юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ш.Мирзиёев Ш.Мишель билан июнь ойида Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи машварати доирасида ҳам учрашган эди. Машварат якунидаги баёнотда икки минтақа эски ва янги таҳдидларга қарши кураш йўлида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаши лозимлиги таъкидланган.
Май ойида Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Апрель ойида ЕИнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала юртимизда меҳмон бўлди.
ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан эса йил давомида икки марта Ўзбекистонга келди.
Йил сўнгида Европа ташқи фаолият хизмати Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори ўринбосари Люк Девин ҳамраислигидаги йиғилишда ҳамкорлик истиқболлари яна бир карра сарҳисоб қилинди.
II. 500 миллион нуфусли бозорга «яшил чироқ»
22 ноябрь куни ЕИ Преференцияларнинг бош тизими плюс («GSP+») амалдаги муддатини келгуси тўрт йилга, яъни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича қарор қабул қилинди.
500 миллиондан ортиқ аҳолига эга ЕИ дунёдаги энг йирик бозорлардан биридир. Масалан, Европа тўқимачилик саноати маҳсулотларининг бозори – 98 миллиард, чарм-пойабзал буюмлари – 24 миллиард, қишлоқ хўжалиги саноати – 24 миллиард долларни ташкил этади.
Ўзбекистон 2021 йил апрель ойидан GSP+ тизимига аъзо бўлган. Шу тариқа мамлакатимиз Европа бозорига 6200 дан ортиқ товар позицияларини божсиз экспорт қилиш имконига эга бўлди.
Жорий йилнинг 10 ойида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга ўсди ва 4,8 миллиард долларни ташкил этди. Мазкур рақамларни янада ошириш имконияти мавжуд.
III. Геосиёсий таҳдидларга жавоб
Жорий йилнинг сўнгги чорагида ЕИнинг Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш (BOMCA) ва Марказий Осиёда гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олдини олиш бўйича (CADAP) дастурлари амалга татбиқ этила бошлаганига 20 йил тўлди.
«Сўнгги йигирма йил мобайнида мазкур ташаббуслар улар амалга оширилаётган ҳудудлардаги барқарорлик ва тараққиётни таъминлаб, ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ролни ўйнади. Энг асосийси, ЕИ томонидан молиялаштирилаётган мазкур дастурлар Марказий Осиёда ислоҳотларни ва минтақавий ҳамкорликни олға силжишида муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда», – дейди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.
BOMCA дастури минтақа давлатлари ўртасида чегаралар бошқаруви бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Брюссель мазкур дастур орқали минтақа чегара хавфсизлиги учун 60 миллион евродан зиёд сармоя киритди.
CADAP дастури эса минтақада гиёҳвандлик моддаларига қарши сиёсатни такомиллаштиришга тизимли равишда кўмак кўрсатиб келмоқда.
Таҳлилчилар Европа ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари бугун дуч келган геосиёсий таҳдидлар шароитида мазкур дастурларнинг аҳамияти янада ошганини қайд этмоқда.
IV. Муҳим хомашёлар йўналишида стратегик иттифоқ
Октябрь ойида Ўзбекистон ҳамда ЕИ ўртасида қишлоқ хўжалигида лойиҳа амалга ошириш бўйича молиявий битим имзоланди. Томонлар, шунингдек, муҳим хомашёлар йўналишида стратегик иттифоқ тузишга киришган.
Ўзбекистон Муҳим хомашёлар клубига (CRM Club) қўшилиш истагини тасдиқлаган. Мис, литий, алюминий, титан, платина, графит, никель, кобальт ва бошқа маъданлар ЕИ учун қимматли аҳамиятга эга хомашёлар саналади.
Европа комиссиясининг «Global Gateway Forum» сайтида Ўзбекистон, хусусан, кумуш, титан, литий, уран, мис каби маъданларга бой экани, бу эса мамлакатни хомашё бозорида муҳим иштирокчига айлантириши таъкидланган.
Октябрь ойида Люксембург мезбонлигида Европа Иттифоқи – Марказий Осиё 19-вазирлар йиғилиши ҳам ўтказилди. Эътиборга молик жиҳати, Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИнинг 27 давлати вакиллари илк бор бир даврада жам бўлишди. Тадбир якунида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган йўл харитаси маъқулланди.
V. Келажакка тикилган энг ишончли сармоя
Анъанага кўра, бу йил ҳам бир гуруҳ ўзбекистонлик иқтидорли талабаларга Erasmus Mundus стипендиялари тақдим этилди.
Ғолиблар Бельгия, Буюк Британия, Дания, Испания, Франция, Финляндия каби давлатларнинг нуфузли университетларида таълим олиш имконини қўлга киритди.
Erasmus Mundus – иқтидор эгаларининг таълим, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ЕИ дастуридир. Қўшма магистрлик таҳсили доирасида ўқув дастури, саёҳат харажатлари, суғурта, визани қўллаб-қувватлаш, ойлик стипендия ва бошқаларни ўз ичига олган грант тақдим этилади.
2014–2020 йилларда таълим дастури бюджети 14,7 миллиард еврони ташкил этган бўлса, 2021–2027 йилларда ушбу мақсадда 26,2 миллиард евро сарфланиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter