Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Афғонистон ўзаро жиноятчиларни ушлаб беришга келишиб олди

Ўзбекистон ва Афғонистон ўзаро жиноятчиларни ушлаб беришга келишиб олди

2016 йил 17 октябрда «Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида ушлаб бериш тўғрисида»ги Битим имзоланган эди. Шунингдек 2017 йил 5 декабрда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида»ги Шартнома ҳам кучга кирди.

Ушлаб бериш тўғрисидаги Битим жиноятни содир этишда гумонланаётган ёки айбланаётган шахсларни экстрадиция қилиш шартлари, экстрадиция қилиш тўғрисида сўровномани ўз ичига олган ҳужжатларга талаблар, бундай сўровнома юборилгунга қадар вақтинча қамоқда сақлаш шартлари ва муддатларини тартибга солади.

Мазкур Битим икки давлат ўртасида жиноятчиликка қарши кураш соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий асос бўлади ва жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга кўмаклашади.

Битимга кўра ушлаб бериш бўйича барча масалалар юзасидан Ўзбекистон томони учун Бош прокуратура ва Афғонистон томони учун Адлия вазирлиги марказий органлар ҳисобланади.

Юқоридаги Шартнома эса томонлар ваколатли органлари ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ишларнинг судга тегишлилиги масалалари ҳамда ҳужжатлар, далиллар талаб қилиш учун сўровнома юбориш ва суд жараёнларини ўтказиш, суд қарорларини тан олиш ва ижро этиш тартибини белгилайди.

Шартнома фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида фуқаролик ва оила ишлари бўйича ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда жиноятчиликни олдини олиш, тергов ва суд қилиш масалаларида икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари алоқаларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шартнома бўйича томонлар марказий органлари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси учун – Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги;

Афғонистон Ислом Республикаси учун – Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги.

Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан, ушбу халқаро шартномаларни Вазирлик ваколати доирасида амалиётга самарали татбиқ этиш мақсадида Жиноят қидирув бош бошқармаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ва Халқаро ҳамкорлик бошқармаси масъул этиб белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг