«Ўзатом» агентлиги ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат матни «ЎзА»да эълон қилинди.
Фармонга кўра, аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг электр энергиясига бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш ҳисобига энергия билан барқарор таъминлаш, энергетика секторини диверсификация қилиш, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва ушбу йўналишларга илғор инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом» агентлиги) ташкил этилади.
«Ўзатом» агентлигининг атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди:
- атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш;
- саноат ва экология хавфсизлигининг халқаро талабларига жавоб берадиган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича битимлар ва шартномалар тузиш;
- атом фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни, фундаментал тадқиқотлар, илмий-қидирув, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш;
- тадқиқот ва энергетика атом реакторлари, ядро-физика қурилмалари, ядро материаллари ва радиация манбаларини сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктларининг ривожланишини ва уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш;
- республикадаги объектларнинг радиациявий ва ядровий хавфсизлиги тизимини бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ядро авариялари ва радиациявий авария вазиятларининг олдини олиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
- ядро материаллари ва технологиялари, радиоактив материаллар тарқалмаслигини таъминлаш, жисмоний ҳимоя қилиш ҳамда ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш тадбирларини амалга ошириш;
- кадрларни, шу жумладан, етакчи хорижий институтларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;
- Халқаро атом энергияси агентлиги, Атом энергияси бўйича Европа ҳамжамияти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни амалга ошириш;
- атом энергетикаси соҳасига хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланади.
Қарорга биноан, 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқилади.
Шунингдек, «Ўзатом» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
- 2018 йил 20 декабрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси (кейинги ўринларда – Концепция);
- 2019 йил 1 июнга қадар – ишлаб чиқилган Концепцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари портфели;
- 2019 йил 1 ноябрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастури лойиҳасини (кейинги ўринларда – Дастур), шунингдек, Концепция ва Дастурнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун киритилишини таъминланиши белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter