Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Одамлар пропаганда қаршисида заиф бўлиб қолмоқда» – Шарлотта Адриан

«Одамлар пропаганда қаршисида заиф бўлиб қолмоқда» – Шарлотта Адриан

АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили П.Политис ҳамда ЕИ элчиси Ш.Адриан.

Фото: Xabar.uz

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги ва очиқлиги борасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолайди, айни чоқда, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар талайгина деб ҳисоблайди. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан Тошкентда 12 декабрь куни бўлиб ўтган анжуманда сўзлади, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

ЕИ делегацияси, АҚШ элчихонаси ва Миллий масс-медиани қўллаб қўвватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди ҳамкорлигида ташкил этилган «Марказий Осиё минтақасида сўз эркинлиги ҳолати» мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон экспертлари иштирок этди.

«Сўз, ахборот ва ОАВ эркинлиги демократик жамиятнинг муҳим белгиси саналади. Чунки у бошқа инсон ҳуқуқлари турларини рағбатлантирувчи, ҳимоя қилувчи ва амалга оширувчи механизм ҳамдир. 2016 йилдан бери Ўзбекистонда кўплаб соҳалар, жумладан, ОАВ эркинлиги бўйича ислоҳотлар ўтказилмоқда. Биз бу борадаги саъй-ҳаракат ва ислоҳотларни ишончли ҳамкор сифатида ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», – деди элчи Ш.Адриан хоним.

Дипломат 2022 йил ОАВ учун синовларга бой кечаётгани, хусусан, Россия пропаганда воситасида дунё ҳамда минтақадаги геоёсий вазиятга таъсир кўрсатишга уринаётганини қайд этди.

Анжуман доирасида 3,8 миллион евролик REVIVE лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Фото: Xabar.uz

«Одамлар пропаганда қаршисида заиф бўлиб қолмоқда. Пропагандани ОАВ орқали уюштирилаётган ҳужум деб аташ мумкин. Аслида, матбуот биринчи навбатда жамоатчиликка холис ахборот бермоғи, пропагандадан йироқ бўлмоғи лозим. Пропаганданинг хатарли жиҳати шундаки, у аҳоли фикрини янглиш ўзанга буради, нафрат уруғини сочади», – деди нотиқ.

Дипломатга кўра, ЕИ шу боис ҳам демократик жамиятнинг муҳим омили сифатида эркин ОАВни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратади.

Тадбир давомида Марказий Осиё мамлакатларида сўз эркинлиги ҳолати, журналистлар ва блогерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органлари очиқлиги каби масалаларда фикр алмашилди. 

Анжуман доирасида ЕИ томонидан молиялаштирилаётган «Тиғиз муҳитда ранг-баранг ахборотларни қабул қилиш ва улар билан ўзаро робита» (REVIVE) лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Internews халқаро ташкилоти томонидан бир ярим йил давомида амалга ошириладиган лойиҳадан кўзланган мақсад Марказий Осиё бўйлаб дезинформация, ёлғон ахборотни фарқлай оладиган зукко аудиторияни шакллантириш, бу борада сифатли ахборот тақдим этишга кўмак кўрсатишдан иборатдир. Лойиҳа умумий қиймати 3,8 миллион еврони ташкил этади.

«Марказий Осиё минтақасида сўз эркинлиги ҳолати» мавзусидаги анжуман 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан уюштирилди.

Эслатиб ўтамиз, 1948 йилнинг 10 декабрида БМТ Бош ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилган. 1950 йилдан бери ушбу сана дунё миқёсида байрам қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг