Очилбой Раматов, Русланбек Давлетов, Алишер Шодмонов. Партиялар кимларни бош вазир лавозимига таклиф қилмоқчи?
25 октябрь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан сиёсий партиялар, ОАВ, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилганди.
Ушбу учрашувда ЎзХДП сиёсий партиялар томонидан сайловда кўп овоз тўпланган тақдирда бош вазир лавозимига бош вазир ўринбосари, Транспорт вазири Очилбой Раматов номзодини илгари суришини маълум қилган.
«Kun.uz» нашри шу маълумот асосида бошқа партияларнинг фикрини ўрганган.
Жумладан, «Адолат» социал-демократик партияси раҳбари Наримон Умаровга кўра, Адлия вазири лавозимида ишлаётган Русланбек Давлетов партиянинг бош вазирликка кўрсатиши режалаштирилган асосий номзоди ҳисобланади.
Бундан ташқари, «Адолат»да партия аъзолари бўлган – Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов номзоди ҳам бор.
ЎзЛиДеп раиси Актам Ҳайитов эса амалдаги бош вазир Абдулла Ариповни яна бир бор бу лавозимга тавсия этишларини билдирган.
«Миллий тикланиш» партияси эса номзодлар борлигини маълум қилган, аммо уларнинг номини очиқламаган.
Экологик партиянинг номзодлари эса қуйидагича: «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Одил Темиров, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ҳамда «Agromir group» ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Шавкат Жалолов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter