«Норманд тўртлиги» ёхуд «мевасиз дарахт» ниҳоят мева берадими?
Жорий йилнинг 9 декабрь куни Парижда Германия, Россия, Украина ва Франция етакчилари иштирокида«Норманд тўртлиги»нинг навбатдаги учрашуви ўтказилади. Украинада ҳокимият алмашинуви ва сўнгги тенденциялар ушбу тадбирдан аниқ натижа чиқиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
«Норманд тўртлиги» нима?
«Норманд тўртлиги» ёки «Норманд формати» Германия, Россия, Украина ва Франция давлатларининг Шарқий Украинадаги уруш (Украинанинг Донбасс минтақасидаги қуролли можаролар) масалаларини ҳал қилиш мақсадида тузилган.
Украина шарқидаги можаролар 2014 йил март ойида Россия томонидан Қримнинг қўшиб олиниши ва Россия томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳларнинг Украина ҳукуматига қарши норозилик намойишларидан сўнг авж олди.
Можаро бошланганидан бери 20 дан ортиқ сулҳ имзоланган, бироқ уларнинг бирортаси ижобий натижа берган эмас. Энг муваффақиятли уриниш 2016 йилда бўлди. «Норманд тўртлиги» эса шу масалани ҳар томонлама ечиш учун тузилди.
«Норманд тўртлиги»нинг ташкил этилиш тарихи
Тўртлик 2014 йил 6 июнда, Франция, Германия, Россия ва Украина раҳбарлари Нормандияда «Д-Дай» иттифоқчиларининг ( Иккинчи жаҳон уруши даврида тузилган «Нептун» операцияси қатнашчилари) 70 йиллиги арафасида уйиштирилган йиғилишида ташкил этилган. Тўртлик асосан раҳбарлар ва тегишли ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги телефон қўнғироқлари орқали амалга оширилади. «Норманд формати» шартли равишда Беларусия, Италия ва Буюк Британияни ҳам қамраб олган ҳолда ўтказилиши мумкин.
Музокаралар 2016 йилдан 2019 йил кузигача тўхтатилган эди. Украинанинг амалдаги президенти Владимир Зеленский 2019 йил май ойидаги нутқида Россия билан тинчлик ўрнатишни устувор вазифа қилиб қўйган эди. У шундай деган эди: «Келинг, Қрим кимга тегишли эканлигини ва Донбасс минтақасида ким бор ёки йўқлигини муҳокама қилайлик».
18 июль куни Украина, Россия ва Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти воситачилигида айни масала бўйича кенг қамровли сулҳ имзоланган.
2019 йил сентябрь ойининг охирида Украина АҚШда сиёсий мақсадлар учун Трамп ва Зеленский ўртасидаги телефон қўнғироғини сиёсийлаштириши оқибатида АҚШнинг ҳарбий ёрдамидан қуруқ қолди. Украина президенти Макрон ва Путинга тўрт томонлама музокараларни чақириш зарурлиги эсга солди. 16 октябрда «Норманд формати» етакчилари қўшма йиғилишида янги музокаралар олиб боришга қатъий қарор қилинди. Ниҳоят Зеленский маълум даражада ўз мақсадига эриша олди.
Франция Украинани «оталиққа» олмоқчими?
Франция президенти маъмурияти хабарига кўра, Украина шарқидаги урушини ҳал қилиш бўйича «Норманд тўртлиги» музокаралари 9 декабрь куни бошланади. Шунингдек Франция президенти маъмурияти Украина ташқи сиёсатда Францияга суяниши мумкинлигини таъкидлади.
Трамп ҳукумати Украинага ёрдам беришни тўхтатгач Франция Украинани ташқи сиёсатда қўллаб-қувватламоқчи эканлигини яққол намойиш қила бошлади. Европада Брексит масаласи билан фалажланган Британия ҳукумати Украина масаласини ўз бўйнига олмади. Эммануел Макрон Владимир Зеленскийга навбатдаги Париж музокаралари Украина учун ижобий натижа беришига ваъда берди.
Украина Париждаги музокаралардан катта умид қилмоқда. Франциянинг хайрихоҳлиги ва Зеленскийнинг Россия билан келишувчилик сиёсати масалани ижобий томонга ўзгартириши мумкин.
Тузилганига 5 йилдан ошган бўлса ҳам, ҳануз бирор «мева» бермаган «Норманд формати» Парижда ўз мевасини тақдим этиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter