Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Муаммолар ечими зиддиятда эмас!» – Аҳмад бин Саид ал-Касирий

«Муаммолар ечими зиддиятда эмас!» – Аҳмад бин Саид ал-Касирий

Элчи Аҳмад бин Саид ал-Касирий.

Фото: «Xabar.uz»

Арабистон яриморолининг жануби-шарқида жойлашган Ўмон султонлигини Ўзбекистон билан 4500 чақиримлик масофа ажратиб туради. Жуғрофий масофалар йироқ эканига қарамай, икки давлат ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истагида. Ўмон султонлигининг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад бин Саид ал-Касирий «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, халқаро сиёсатнинг долзарб масалаларига муносабат билдирди.

– Элчи жаноблари, хабарингиз бор, 2018 йил сентябрь ойида Ўмон пойтахти Масқат шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси фаолият бошлади. Бу, шубҳасиз, ўзаро муносабатларда муҳим ҳодиса саналади. Икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

– Ўмон султонлиги Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан саналади. 1992 йилда икки томонлама дипломатик алоқа ўрнатилгандан буён ҳамкорлик йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда.

2009 йили Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг Ўмонга расмий ташрифи ўзаро алоқаларда янги саҳифа очди. Ташриф мобайнида ҳукуматлараро битим ва шартномалар имзоланди. 2010 йилда Тошкентда Ўмон элчихонаси фаолият бошлади. Бу эса турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Бир йил муқаддам Ўзбекистон ҳам Ўмонда ўз элчихонасини очди. Ушбу воқеа Ўзбекистон раҳбарияти биз билан робиталарни ривожлантириш истагида эканидан далолат беради.

Тарихан Буюк ипак йўлида умргузаронлик қилган халқларимиз ўртасида азалдан савдо-тижорат алоқалари нашъу намо топган. Бугун эса бу борада янги имкониятлар очилмоқда. Айни пайтда логистик ва техник муаммоларни бартараф этишга интилмоқдамиз. Яқиндан бошлаб Ўмон бозорида Ўзбекистонда етиштирилган ҳўл мева ва сабзавотлар сотилмоқда. Бу – тижоратни янада кенгайтириш йўлидаги дастлабки ва муҳим қадамдир.

Ҳамкорлик муносабатларида маданий-гуманитар жабҳа алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонлик санъат усталари ҳамда ҳунармандлар Ўмонда ўтадиган турли фестивалу кўргазмаларда мунтазам қатнашиб келади. Ўз навбатида, бизнинг вакилларимиз жавоб ташрифларини амалга оширмоқда. Масалан, Самарқандда ўтган  «Шарқ тароналари» халқаро фестивали ҳамда Қўқон халқаро ҳунармандлар анжуманида юртимиз делегацияси муносиб қатнашди.

Хабарингиз бор, Ўмон султонлиги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонаси биноси қурилишида иштирок этди. Шу мақсадда Султон аълоҳазратлари томонидан грант ажратилди. Ушбу бунёдкорлик лойиҳаси биз учун алоҳида қадрли эканини таъкидлашни истардим. Зеро, кутубхонада сақланаётган нодир қўлёзмалар нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсониятнинг маънавий бойлигидир.

Жорий йил 21 октябрь куни Тошкентда «Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик: Ўмон ислом рисоласи» номли кўргазма ташкил этдик. Биз тараннум этган ушбу фазилатлар ўзбек халқининг ҳам азалий қадриятлари сирасига киради.

Бухоро шаҳри 2020 йилда «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилингани бизни шоён мамнун этди. Келгуси йил ушбу муҳим воқеа доирасида ташкил этиладиган анжуманларда албатта қатнашамиз.

Ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда туризм бўйича ҳам ишга солинмаган имкониятлар талайгина эканини қайд этиш жоиз.

– 2010 йилда Ўзбекистон ҳамда Ўмон томонидан қўшма инвестициявий фонд таъсис этилган эди. Ўтган йиллар давомида жамғарма қайси саноат тармоқларига сармоя киритди? Умуман, айни вақтда юртингиз инвесторлари Ўзбекистон иқтисодиётининг қайси соҳаларига қизиқиш билдирмоқда?

– Қўшма инвестициявий фонд томонидан маҳсулотларни қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш, банк соҳаларидаги кўплаб лойиҳалар молиявий қўллаб-қувватланди. Яқин истиқболда соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларга инвестиция киритиш кўзда тутилмоқда. Жамғарма Ўзбекистон ва Ўмон иштирокида бошқарилиши маълум. Демак, икки томон қайси соҳани манфаатли деб билса, ўша жабҳага маблағ йўналтирилади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга татбиқ этилаётган очиқлик сиёсати ва ислоҳотлар мамлакатга хорижлик, жумладан, ўмонлик инвесторларнинг қизиқишини оширмоқда. Масалан, бир гуруҳ ўмонлик сармоядорлар айни пайтда Фарғона водийси вилоятлари  – Наманган ва Андижонда инвестиция киритиш имкониятини ўрганмоқда. Ўмонлик сармоядорларни жалб этишда Ўзбекистоннинг Масқатдаги элчихонаси, хусусан, элчи Анвар Абдуҳалимовнинг хизмати катта.

Яқинда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раҳбари билан учрашиб, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш учун «йўл харитаси» ишлаб чиқишга келишиб олдик. «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиши муносабатлар ривожига янгидан туртки беради. 

– Бугун дунёда муқаддас ислом динини «терроризм» тушунчаси билан тенглаштириш, чоғиштиришга уриниш кузатилмоқда. Сайёрамизнинг йирик оммавий ахборот воситалари ҳам цивилизациялар ўртасидаги зиддиятни бўрттириб кўрсатишга уринмоқда. Бир вақтлар америкалик сиёсатшунос Сэмюэль Ҳантингтон «Тамаддунлар тўқнашуви» асарида Шарқ ва Ғарб цивилизацияси ихтилофи даҳшатли ҳалокатга олиб келиши ҳақида ёзган эди. Мўътадилликни тарғиб этаётган мусулмон мамлакати дипломати сифатида айтинг-чи, Ҳантингтон башорат қилганидек, чиндан ҳам икки йирик цивилизация тўқнашадими? Умуман, тамаддунлар тўқнашувининг олдини олиш йўли борми?

– Тамаддунлар тўқнашуви ҳақидаги фараз бир сиёсатчининг фикри, холос ва у билан истаганча баҳслашиш мумкин. Тарих шоҳид, инсоният ҳар қандай қийинчиликни ақл ва ҳикмат билан енгиб ўта олган. Биринчи ва Иккинчи жаҳон муҳорабалари, «совуқ уруш» даврини ёдга олинг. Инсоният барча ғов-тўсиқларни донишмандлик билан енгиб келмоқда.

Мен Ҳантингтонга фикрига мухолиф ўлароқ, истиқболда тамаддунлар бирлашуви рўй беради деб ҳисоблайман.  Дунё аҳли ахлоқий қадриятларнинг муштарак жиҳатларини топишга уринмоқда. Бугун улкан сайёрамиз баайни мўъжаз шаҳарчага айланиб қолган. Алоқа воситалари ҳамда технологияларнинг бемисл тараққиёти инсонлар, халқлар ва давлатлар ўртасидаги робитани ҳам мустаҳкамлаётир. Зиддиятлар тарихига диққат қилсангиз, аксар ихтилофлар ўзаро мулоқот ва алоқанинг йўқлиги, томонларнинг бир-бирини танимаслиги сабаб рўй берган. Бугун эса масофалар қисқарди, робита ва мулоқот ўрнатиш осонлашди.  Буларнинг бари зиддиятларни ҳал этиш борасида некбин хулосаларга ундайди.

Ислом дини, умуман, барча самовий динлар ҳамжиҳатлик, тинчлик, тотувликка даъват этиб келади. Ҳозир эса айрим кучлар шахсий манфаатини азалий олий қадриятлардан устун қўйиб, муқаддас диний тушунчалардан қурол сифатида фойдаланмоқда. Бундай мушкул паллада муаммони зиддият ёки ихтилоф йўли билан ечиб бўлмайди. Муаммони фақат маърифат йўли билангина ҳал этиш мумкин.

– Сўнгги йилларда мамлакатингиз минтақадаги долзарб масалаларни ҳал этишда фаоллик кўрсатмоқда. Ўмон ташқи ишларга масъул вазири Юсуф бин Алавий жорий йил 13 октябрда БМТ Бош ассамблеясидаги маърузасида ҳам Яқин Шарқда барқарорлик ўрнатиш вазифаси ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлади. Хабарингиз бор, Сурияда 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролик урушида 465 минг киши ҳалок бўлди, 12 миллион киши бошпанасиз қолди. Расмий Масқат Cурия масаласида қандай ечимни таклиф этади?

– Сурия муаммоси бўйича мутахассис эмасман, аммо айрим кузатувларим билан ўртоқлашаман. 2011 йилда «Араб баҳори» деб аталган ҳодисалар рўй берди. Ўша кезлар кўпчилик ушбу ҳодисалар занжири қандай оқибатларга олиб келишини билмас эди. Мавҳумлик эса одатда қўрқинчли оқибатларни келтириб чиқаради.

«Араб баҳори»ни ҳал этишда кимдир қурол кучидан, кимдир музокара йўлидан фойдаланди. Маълумки, уруш ва қонли ихтилофлар курашаётган томонлардан бирининг ўз хоҳиш-иродасини куч билан ўтказишга уринишидан пайдо бўлди. Бундай хатти-ҳаракат давлатлар, гуруҳлар ва инсонлар ўртасида рўй бериши мумкин. Суриядаги фожиавий ҳодисалар ҳам кўплаб ҳолатларга эътиборсизлик туфайли содир бўлди. Ўмон султонлиги Суриядаги ҳодисаларнинг илк кезлариданоқ зиддиятлар мамлакатнинг ички иши эканини урғулаб, ҳукумат ва мухолифатни мулоқот ўрнатишга даъват этди. Шу билан бирга, Суриянинг Араб давлатлари лигасидаги аъзолиги  тўхтатилишини қўллаб-қувватламади. Биз ҳанузгача Сурия билан дипломатик алоқаларда давом этмоқдамиз, элчихонамиз Дамашқда фаолият юритиб келмоқда.

Биз ҳозир ҳам ҳар икки томонга очиқмиз. Амалдаги ҳукумат ва мухолифат муаммони тинч йўл билан ҳал этиш истагини билдирса, ёрдамга тайёрмиз.

Сиз келтирган рақамлар вазият ўта аянчли эканидан далолат беради, албатта. Аммо инсоф юзасидан Сурияда аста-секин ижобий ўзгаришлар бўй кўрсата бошлаганини ҳам қайд этиш жоиз. Тўғри, вазият ўта мураккаб, лекин ҳар қандай мураккаб-мушкул жумбоқни ҳам мулоқотлар йўли билан ечса бўлади.

– Айни чоқда етакчи сиёсий кучлар Суриянинг амалдаги раҳбари Башар Асад ҳокимиятдан кетиши кераклиги, шундан кейингина мамлакат келажаги хусусида муҳокама бошлаш мумкинлигини айтмоқда...

– Давлат тепасидаги шахслар келиб кетаверади. Аммо бу масала демократик тамойиллар ва халқаро меъёрлар асосида ҳал этилмоғи лозим. Яъни ким давлат раҳбари бўлишини Сурия халқи ҳал этиши керак.  

Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топшириш вақти.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

– Жорий йил 12 апрель куни Ўмоннинг янги элчиси сифатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғи топширган эдингиз. Ўтган муддат ичида юртимизда ўзингиз учун нималарни кашф этдингиз?

– Аввало, президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари билан учрашувни эслаб ўтсам. Ишонч ёрлиғини топшириш асносида, у кишидан куч-қувват ва ғайрат таралаётганини сездим. Бу эса бизни ҳам ғайрат билан ишлашга ундайди. Қолаверса, Ўзбекистон етакчисининг дунё ҳодисаларидан яхши хабардорлиги, мамлакатни ўзгартириш иштиёқи кучли эканини ҳам таъкидлашни истардим.

Ўзбекистон мусулмон олами вакиллари учун бегона мамлакат эмас. Масалан, мен мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларингиз ҳақида илк маълумотларни олганман. Олий ўқув юртидаги таҳсил даврида эса ушбу заминдан етишиб чиққан Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Бухорий, Термизий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби диний ва дунёвий илмларнинг пешқадам вакиллари, улуғ алломалар мероси билан танишганман.

Ўзбекистондаги дипломатлик фаолиятим давомида қадимий шаҳарларни зиёрат қилиб, тасаввурларимни ҳаётий таассуротлар ила бойитдим. Ўзбек халқи ўмонликлар каби меҳмондўст, очиқкўнгил ва юксак маданият соҳиби эканига ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим. Халқларимизни боғлаб турувчи яна кўплаб муштарак ришталарни кашф этдим.

Бугун бутун Ўзбекистонда ўсиш, ўзгариш жараёни кетаётир. Мамлакатингиз ушбу суръатда тараққий этса, истиқболда янада юксак марраларни эгаллашига ишончим комил.

С.Салим суҳбатлашди

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг