Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Минтақа давлатларини умумий фаровонлик йўлида бирлаштиришда Ўзбекистон медиаторга айланмоқда

Минтақа давлатларини умумий фаровонлик йўлида бирлаштиришда Ўзбекистон медиаторга айланмоқда

Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» мақоласида халқаро муносабатларнинг ҳозирги даври бир тарихий давр ниҳоясига етиб, башорат қилиш мушкул ва номаълум бўлган янги бир давр бошланишининг жадал жараёнлари билан тавсифланган «тарихий эврилиш» атамаси сифатида аниқ белгилаб берилган. Буларнинг барчаси мамлакатимиздан ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп қиррали ҳамкорлик доирасида ишонч ва конструктив мулоқот муҳитини яратишга қаратилган мақсадли ташқи сиёсат стратегиясини амалга оширишни талаб этади.

Бу борада, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштирувчи Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) каби кўп қиррали институт алоҳида аҳамиятга эга.

Жорий йил – Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик йили ана шу нуқтаи назардан ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг мустақил ва ҳар томонлама ишончли ташқи сиёсати йирик минтақавий ва глобал ташаббусларни дадил илгари сурган ҳолда, ШҲТ маконида барча мамлакатлар манфаатларини баланслаш имконини берди. Айни дамда, мамлакатимиз Марказий Осиёни Ташкилотнинг географик маркази деб билади, чунки у кенгайиб бораётган маконнинг муҳим минтақаси ҳисобланади. Бу ҳолат минтақа давлатларини умумий фаровонлик йўлида бирлаштиришда Ўзбекистоннинг «медиатор» («воситачи») ролини таъминлайди.

Хусусан, пандемиянинг давом этаётган салбий оқибатлари ва жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик шароитида Ўзбекистон ШҲТ бўйича 80 га яқин тадбирларни муваффақиятли ўтказди. Эътиборли жиҳати, ШҲТга раислик қилган бирон бир давлатда бунчалик кўп учрашувлар ўтказилмаган эди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида 30 та тадбир ўтказилди, шулардан 4 таси (ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, қашшоқликни қисқартириш, фан ва техника, гиёҳванд моддаларга қарши кураш масалалари бўйича йиғилишлар) мамлакатимиз томонидан илк маротаба ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон ташаббуси билан илк бор ШҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси танлови ва киберспорт бўйича чемпионат ўтказилди. ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари иштирокидаги бу ва бошқа  кўп томонлама учрашувларнинг барчаси ҳар хил форматларда – виртуал ва юзма-юз форматда ҳамда гибрид режимида бўлиб ўтди. Масалан, Нукус, Бухоро ва Фарғонада ШҲТ Миллий мувофиқлаштирувчилар Кенгашининг йиғилишлари, Хивада транспорт вазирларининг мажлиси, Бухорода қашшоқлик масалаларига бағишланган конференция ўтказилди. Августда Самарқанд шаҳрида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар якуни бўйича Ўзбекистон ШҲТнинг 37 та ҳужжатини мувофиқлаштириш жараёнини бошлади ва якунлаб берди. Шулардан 30 таси Ўзбекистон ташаббуси билан аксарият ҳолларда, шахсан Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар концептуал, стратегик ва амалий хусусият касб этади.

Мамлакатимиз, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг инвестициявий сиёсатини шакллантириш учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилган сиёсатни олиб борди. Бундай ташаббуслар қаторида жаҳондаги молиявий ва иқтисодий ўзгаришларни юмшатишга қаратилган ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши фаолияти доирасида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича қўшма Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклифини алоҳида таъкидлаш мумкин.

ШҲТнинг минтақа ичидаги савдони ривожлантириш дастури ўзаро савдони янада оширишга ва Ташкилотга аъзо барча давлатларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. Мамлакатимиз томонидан таклиф этилган саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурининг қабул қилиниши ШҲТга аъзо давлатлар фаровонлигини ошириш учун қўшимча рағбат бўлади. Бу фойдаланилмаган ишлаб чиқариш салоҳиятини рўёбга чиқариш, янги иш ўринларини ташкил қилиш ва учинчи мамлакатларга қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга ёрдам беради. Бизнингча, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли лойиҳасининг амалга оширилиши жуда истиқболли.

ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон томонидан таклиф этилган йўл харитасининг қабул қилиниши эътиборга лойиқ. Бу ШҲТнинг транспорт-транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, янги минтақавий транспорт-транзит йўлакларини шакллантириш ҳамда бозорлар географиясини кенгайтириш бўйича аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини янада бирлаштиради.

Хулоса ўрнида таъкидлаймизки, ишонч чуқур таназзулга юз тутаётган бугунги шароитда ШҲТнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштиришга муваффақ бўлган ноёб масканга айланади. Бу минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлган Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги руҳининг ифодаси бўлади.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси  раиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг