«Миллий тикланиш» партияси сайловолди муҳокамаси бўйича дебат ташкил этди
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Самарқанд шаҳрида жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Респусайлобликаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ҳамда партиянинг Сайловолди платформаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган дебат ташкил этилди.
Партия матбуот хизматига кўра, унда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, экспертлар, сиёсатшунос олимлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Дебат олдидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров бошчилигида партия фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ Самарқанд Темир йўл вокзалида сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Жорий ҳолатни ўрганиб, сайёҳлар учун янада қулайликларни яратиш бўйича тавсияларини билдирдилар.
Самарқанддаги ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланаётган ҳунарманд «Асадов Мансур» корхонаси фаолияти ҳам ишчи гуруҳ аъзоларининг эътиборидан четда қолмади. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчиликнинг бу тури меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ҳунарманд қўл меҳнати орқали ясалган ранг-баранг маҳсулотлар кўриниши, сифати, бежиримлиги ва ўзига хослиги билан барчани ҳайратга солди. Ҳунарманд билан кечган очиқ мулоқотда корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий муаммолари ўрганилиб, ҳунарманднинг соҳани янада ривожлантириш юзасидан таклифлари эшитилди.
Ўрганиш доирасида ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд шаҳридаги Соҳибқирон Амир Темур ва темурийзодалар мангу қўним топган мақбарани ҳамда Ашратхона меъморий ёдгорлигини ҳам кўздан кечиришди. Маданий мерос объектларининг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ечими бўйича фикрлашиб олинди. Айниқса, хароб аҳволга келиб қолган Ашратхона меъморий ёдгорлигини кечиктирмасдан таъмирлаш, реставрация қилиш ва консервациялаш зарурлиги билдирилди. Бу бўйича тегишли вазирлик ва идораларга таклиф ҳамда тавсиялар тайёрланди.
Самарқанд шаҳридаги замонавий-электрон бешиклар ишлаб чиқарувчи «Amonov Mebel Tex» корхонасидаги сўнгги технологияларга асосланган ишлаб чиқариш жараёни меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида маҳсулотларини хорижга экспортга йўналтираётган тадбиркорнинг иш жараёнида энергия ресурсларидан тежамкорлик билан оқилона фойдаланаётгани ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Бундай иқтисодий тежамкор технологияларни барча тармоқларга кенг жорий этиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Шундан сўнг партия етакчиси бир гуруҳ ҳунармандлар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот қилди.
Учрашувда ҳунармандларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Шунингдек, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Куннинг иккинчи ярмида сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда партиянинг сайловолди Платформаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган дебат бошланди. Унда партиянинг бундан 5 йил муқаддам қабул қилинган Сайловолди платформаси хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, меъёрига етмаган ёки Сайловолди платформасидан четда қолган ва бугунги кун учун ниҳоятда муҳим бўлган вазифалар муҳокама этилди. Тадбирда партия фаоллари ўзларини қизиқтирган бир қатор саволларни ўртага ташладилар.
Тадбирда таъкидланганидек, сиёсий партия бу, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмадир. Бугун юртимизда бир нечта сиёсий кучларнинг фаолият кўрсатаётгани жамиятда соғлом рақаботни вужудга келтириб, уларни чинакамига курашга чорламоқда.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси бу жараёнда фаол иштирок этиб, эл назарида бўлишга, чин маънода халқ ишонган партияга айланишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунга эришиш учун аввало, партия давр шиддатига ва бугунги кун талабига мос ҳолда иш олиб бориши лозим. Табиийки, сиёсий майдонда қўли баланд бўлиш учун партияга ўзига хос, халқчил, давлат ва жамият фаровонлигига хизмат қилувчи сайловолди Платформаси зарур бўлади.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси шу нуқтаи назардан сайловолди Платформасини бугунги кун шиддати, сайловчилар эҳтиёжи, аҳоли муаммоларини ҳисобга олган ҳолда янгиламоқда. Бунинг учун жойларда дебатлар ташкил этилиб, партия аъзоларининг, депутатларнинг, фаолларнинг, эксперт ва мутахассисларнинг таклифлари олинмоқда.
Дебатда партия мамлакатимизда инвестицион жозибадорлик ва барқарорликни таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувини либераллаштириш, сиёсий соҳада инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш, партия аъзоларининг мативациясини таъминлашда қандай амалий таклифларни илгари сурмоқда? Ёшлар тарбиясига аслида ким масъул, бунда партиянинг позицияси қанақа? Ушбу масала партиянинг янги сайловолди Дастурида акс этганми? Одамларнинг сиёсий партияларга ишончи сусайиб турган айни пайтда «Миллий тикланиш» партияси одамларни партияга қандай қизиқтирмоқчи? Бу борада аниқ стратегиялар мавжудми? - деган бир-биридан долзарб ва кескин саволлар ўртага ташланди. Партия фаолларининг жавоблари тингланди.
Шунингдек, дебатда ўтган йили партия ташаббус кўрсатиб, мамлакатимиздаги маданий мерос объектлари ҳолатини ўргангани, ушбу масала бўйича партия фракцияси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Маданият вазирининг парламент эшитуви ташкил этилгани ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилингани бироқ? соҳадаги камчиликлар ҳали ҳануз бартараф этилмагани сабаблари сўралди. Ахлоқсиз ва ёшлар тарбиясига салбий таъсир этувчи ғоялар ижтимоий тармоқларда кенг илдиз отаётган бир пайтда миллий қадриятларимиз ҳимоячиси сифатида «Миллий тикланиш» партияси ушбу масалага жиддий ёндошмаётгани хусусида танқидий фикрлар билдирилди.
Дебатда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга доимий эътибор қаратиб келаётган партия лотин алифбоси масаласида ташаббус кўрсатмаётгани, аниқ позицияни билдирмаётгани очиқ мунозараларга, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бугун таълимнинг лотин ёзувида, матбуотнинг кирилл ёзувида олиб борилаётгани ҳақиқатдан ҳам таажжубланарли ҳолат эканлиги таъкидланиб, бу масалага партия келгусида қандай ечим топиши сўралди.
Дебатда экспертлар партиянинг умумсиёсий, маънавий-маърифий, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий, ахборот ва ташқи сиёсат соҳасида белгилаб олган муҳим вазифалар ижроси, уларни янада чуқурлаштириш борасида кўриладиган чора-тадбирлар юзасидан қатор саволлар билан партия раҳбарларига, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига мурожаат этишиб, тегишли жавоблар олишди, уларнинг бу борадаги қарашлари, нуқтаи назарлари билан танишди.
Шунингдек, дебатда саволлардан ташқари партия сайловолди Платформасининг мукаммал бўлишини таъминлаш учун партия фаоллари, электорати ҳамда экспертлар томонидан қатор таклифлар ҳам билдирилди. Миллатимизнинг маданий ўзига хослигини сақлашни таъминлаш, хавфсиз ахборот ривожи учун ҳуқуқий асос яратиш, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари самарадорлигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш, таълим, илм-фан тараққиётига, инновацион ишланмалар ривожига хизмат қилувчи мустаҳкам платформаларни шакллантиришга қаратилган мақсад ва вазифалар янги дастурларда аниқ акс эттирилиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда ўртага ташланган саволлар, билдирилган таклифлар асосида партия сайловолди Платформасини янада мукаммал ҳолга келтириш, бу каби дебатларни бошқа ҳудудларда ҳам ўтказишга келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter