Эртага Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади
7 октябр, жума куни Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
«Эртага Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербургда ишлайди. Бир қатор халқаро телефон суҳбатлари режалаштирилган. Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади», – деди у.
Песков буни келгуси ҳафта Остонада бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш олдидан муҳим воқеа деб атади.
МДҲ давлатлари раҳбарларининг сўнгги норасмий учрашуви 2021 йилнинг 28 декабрида бўлиб ўтган ва ўшанда ҳам Путин ҳамкасбларини шимолий пойтахт – Санкт-Петербургга таклиф қилган эди.
Унда мезбон Россия давлати президенти ҳамда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари раҳбарлари, шунингдек, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter