Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Латвия журналида Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди

Латвия журналида Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди

Фото: «Chotoka.net»

2021 йил 6 май куни Латвиянинг «Открытый город» («Очиқ шаҳар») номли етакчи ҳафталик журналида А. Веселовнинг шундай сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Қуйида ушбу мақола таржимаси эътиборингизга ҳавола этилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёв томонидан мамлакат атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик камарини шакллантириш бўйича олиб борилаётган ташқи сиёсат ўз самарасини бермоқда. Бундай сиёсатнинг яна бир мисоли 2021 йил февраль ойида имзоланган Пешавор (Покистон)га темир йўл қурилишининг «йўл харитаси»дир. Бу Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига Ҳинд океани портларига чиқиш имконини беради.

Ҳинд океани портларига чиқиш

2021 йил 2 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистоннинг юқори мартабали делегациялари иштирокида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт алоқалари бўйича уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув якунида Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор темир йўлини барпо этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши Марказий Осиё олдида турган стратегик вазифалардан бири – Ҳинд океани, хусусан, Покистоннинг  «Карачи», «Касем» ва «Гвадар» портларига чиқиш имконини беради. Шунингдек, мазкур лойиҳа Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий ва Евроосиё темир йўл тизимлари билан боғлайди ва бу билан Бутун Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини анча оширади.

Ушбу лойиҳа савдо алоқаларини кенгайтириш, Европа, Марказий Осиё, Покистон, Ҳиндистон, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасидаги импорт ва экспорт ҳажмини ошириш имконини беради. Марказий Осиё мамлакатларининг денгиз йўлларига чиқишини таъминловчи Европани Осиё билан боғлайдиган транспорт йўналишларининг хилма-хиллиги минтақа давлатларининг глобал таъминот ва ишлаб чиқариш занжиридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, трансафғон темир йўлининг қурилиши минтақавий хавфсизликни  таъминлашга саломоқли ҳисса қўшади. Афғонистоннинг шимолий ва шарқий ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг яхшиланиши ушбу давлатнинг қўшни мамлакатлар билан хавфсизлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий ҳамкорлигини ривожлантириш ташаббусини амалга оширишдаги яна бир қадам «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзуида бўлиб ўтадиган юксак даражадаги халқаро анжуман ҳисобланади. Унда Марказий, Жанубий Осиё ва бошқа хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлар етакчилари, ташқи сиёсий ва ихтисослашган идоралар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, инвестиция жамғармалари, компаниялар, халқаро илмий тадқиқот  ва таҳлилий марказлар   раҳбарлари  иштирок этади.

Анжуман 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштилган. Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича стратегик қарашларини намойиш этиш, иккала минтақа мамлакатларининг транспорт-транзит салоҳиятини амалга ошириш, истиқболли бозорларга чиқиш, инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб қилиш, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича аниқ таклифларни муҳокама қилишдир.

Таҳлилчилар қайд этишича, Ўзбекистон раҳбариятининг фаол ва конструктив минтақавий сиёсати қўшни мамлакатлар ва Тошкент билан ҳамкор давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Бу омил минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади ҳамда бутун минтақани ривожлантиришга янгича суръат беради.

Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари самара бермоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрда ўз лавозимига киришганидан сўнг Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни ташқи сиёсатда энг муҳим устувор вазифа сифатида белгилаб берди.

Ўтган тўрт йил мобайнида Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан минтақанинг барча мамлакатлар етакчиларининг юқори даражадаги ташрифлари амалга оширилди. Минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий мулоқоти доимий  тус олди.

Ана шундай мулоқотлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари учун хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестициялар, сайёҳлик, маданият, соғлиқни сақлаш ва экология соҳаларида ўзаро манфаатли минтақавий ва халқаро масалалар бўйича муҳим қўшма қарорлар қабул қилинмоқда.

Тарихий қисқа давр ичида Ўзбекистоннинг минтақадаги барча мамлакатлар билан  муносабатларида катта ижобий ўзгаришлар юз берди.

Шавкат Мирзиёевнинг биринчи марта  марта  2017 йил сентябрь ойида  БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини чақириш бўйича билдирган муҳим халқаро ташаббусларидан бири амалга оширилди. Бу ташаббус халқаро миқёсда кенг эътирофга сазовор бўлди ва минтақанинг барча давлатлари етакчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Ана шундай шаклдаги биринчи учрашув 2018 йил Остона (ҳозирги Нур-Султон) шаҳрида бўлиб ўтди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Иккинчи маслаҳат саммити эса 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда ўтказилди.

Ушбу тадбир якунлари бўйича Маслаҳат учрашуви қатнашчиларининг тарихий аҳамиятга эга Қўшма баёноти қабул қилинди. Унда алоҳида таъкидланганидек: «Марказий Осиёда минтақавий яқинлашувнинг ҳозирги тенденцияси – тарихий воқелик. Сиёсат, хавфсизлик, барқарорликни сақлаш ва тараққиёт соҳаларида минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш қўшни мамлакатлар халқларининг туб манфаатларига жавоб беради, улар ўртасидаги биродарлик ришталарининг янада мустаҳкамланиши, Марказий Осиёнинг улкан иқтисодий ва цивилизацион салоҳиятини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади».

Ўзбекистон Республикасининг қўшни мамлакатлар билан муносабатларида юритган янгича очиқ сиёсати туфайли минтақада ижобий  сиёсий муҳит шаклланди, дўстлик ва ўзаро манфаатга асосланган муносабатлар мустаҳкамланиб, ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сўнгги йилларда эришилган сиёсий ишонч ва яхши қўшничилик  муносбатлари минтақанинг бугунги тарихида ижобий  босқични ифодаламоқда.

Ўзбекистоннинг ҳар бир қўшни давлат билан муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқиши ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириши минтақада низоли ҳолатларни деярли йўққа чиқарди, унинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришга ёрдам берди.

Тошкент биргаликда сувдан фойдаланиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва экологик таҳдидларга қарши курашиш, жумладан,  Оролбўйи муаммоларини ҳал этишда сайъ-ҳаракатларни бирлаштириш, минтақага инновацион технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини татбиқ этиш каби соҳаларда минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашиш майдонга айланди.

Ишбилармонлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

Қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, саноат-ишлаб чиқариш  алоқалари жадал тус олди.

Масалан, 2017-2019 йилларда Марказий Осиё мамлакатлари билан ўртача йиллик товар айланмаси ҳажми икки баравар ошди ва 5,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2020 йил якунларига кўра, глобал пандемияга қарамай, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан умумий товар айланмаси ҳажми 5 миллиард АҚШ долларига етди. Хусусан, 2019 йилда  Ўзбекистоннинг ташқи  савдо айланмасида Марказий Осиё давлатлари улуши  12,4 фоиздан  2020 йилда 13,6 фоизга ошди. Бунда Қозоғистонга 61 фоиз, Қирғизистонга – 18,2 фоиз ва Туркманистонга 10,6 фоиз тўғри келади. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори Қозоғистон бўлса-да, (3 миллиард АҚШ доллари), Қирғизистон билан ўзаро савдонинг энг жўшқин ўсиши кузатилади (2016 йил билан таққослаганда, 5 баравар кўп).

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларнинг яхшиланиши бутун минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилди. Хусусан, 2017 йилдан 2020 йилга қадар Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида қарийб 75 миллиард АҚШ долларига тенг миқдорда 300 дан ортиқ битим ва  шартномалар, келишувлар  имзоланди.

Ўзбекистонда 2016 йилдан 2021 йил январь ойига қадар Марказий Осиё давлатлари капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 312 тадан 1451 тагача ёки 4,5 баравар  ошди.

Минтақа мамлакатлари саноат кооперацияси ва инвестициялар бўйича ҳам яқин ҳамкорлик қила бошлади. Қозоғистоннинг Кустанай шаҳрида Ravon бренди остида ўзбек автомобилларини биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўзбекистоннинг «Крантас групп» МЧЖ ва Тожикистоннинг «Талко» алюмин компанияси ҳамкорликда махсус техника ишлаб чиқарувчи завод  ташкил этди.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг 2021 йил март ойида Ўзбекстонга ташрифи чоғида 60 та лойиҳани амалга оширишни кўзда тутадиган саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш  бўйича Амалий  чора-тадбирлар режаси  тузилди.

Устав капитали 50 миллион АҚШ доллари, сўнгра 200 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган Ўзбекистон – Қирғизистон инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ҳукуматлари АҚШ билан ҳамкорликда минтақада иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун беш йил мобайнида 1 миллиард АҚШ долларини жалб қилиш мақсадида «Марказий Осиё инвестициявий  шериклиги» ташаббусини амалга оширди.  «Марказий Осиё – АҚШ» платформаси орқали амалга ошириладиган ушбу ташаббус савдо ҳажмини ошириш, кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантиришда  мавжуд барча имкониятлардан фойдаланишга йўналтирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан юритаётган очиқ, оқилона ва прагматик сиёсати самарасида, 2017-2020 йилларда сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар ўртасида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш каби қийин муаммолар ҳал этилди.

Агар беш йил илгари Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегарасидан кунига 200-300 нафар фуқаро ўтган бўлса, глобал пандемия таъсирида чекловларни жорий этишгача бўлган даврда бу кўрсаткич кунига 30 минг кишини ташкил этган. Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасидан эса  кунига 20 минг нафар фуқаро ўтган.

Коронавирус пандемияси шароитида минтақада кузатилган фаол ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистонинг Марказий Осиё давлатлари билан яхши  қўшничилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича юритаётган ташқи сиёсий стратегиясининг ёрқин тасдиғидир. Пандемияда минтақа мамлакатлари бир-бирлари билан нечоғли боғлиқлигини яна бир бор намойиш этди.

Афғонистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш

Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати Афғонистон билан алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам яққол намоён бўлди. Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «минг йиллар давомида Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ягона маданий-тамаддун маконида ривож топганлар».

Афғон заминида Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур рва бошқа кўплаб ўзбек олимлари, шоирлари, мутафаккирлари яшаб, ижод этишган.

Бугунги кунда Ўзбекистон томонлар ўртасидаги мулоқотга кўмаклашиб, Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришда фаол иштирок этмоқда, шунингдек, Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва ушбу мамлакатни минтақавий ҳамда халқаро савдо-иқтисодий муносабатларга жалб қилишга ёрдам берадиган муҳим иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати Марказий Осиёда барқарор ривожланиш истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан чамбарчас боғлиқлигини англашга асосланади.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистондаги тинчлик жараёни узоқ вақт давомида боши берк кўчада қолиб кетди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан дунё миқёсидаги ушбу ўткир муаммони халқаро ҳамжамият кун тартибига қайта киритишга эришилди.

2018 йил 26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини, БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар вакиллари иштирок этди. Афғонистон муаммосини ҳал қилишга бағишланган бундай кенг қамровли форум биринчи марта ана шундай юқори даражада ўтказилди..

Амалий жиҳатдан Тошкент форуми бошланиши арафасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ, Россия, Хитой раҳбарлари, минтақа мамлакатлари – Ҳиндистон, Покистон, Эрон ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва, табиийки, Афғонистон етакчилари билан муҳим шахсий учрашувлари ва маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди.

Тошкент конференциясининг асосий натижаси ва муваффақияти афғон инқирозини ҳал қилиш масаласида умумий халқаро ёндашувни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга эришилганидадир. Буларнинг барчаси афғон мулоқотига алоқадор давлатларнинг мутлақ кўпчилиги томонидан тан олинган Тошкент декларациясида ўз аксини топди.

Унда форум иштирокчилари «Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилиши минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш ҳамда кўп йиллик зўравонлик ва афғон халқининг азоб-уқубатларига чек қўйишда салмоқли аҳамиятга эга эканини» тасдиқлашди.

Шу боис, қатнашчилар «Афғонистон раҳбарияти ва ушбу мамлакат халқининг саъй-ҳаракатлари билан терроризм ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашиш соҳасидаги ўзаро яқин минтақавий ҳамкорлик орқали амалга ошириладиган сиёсий тартибга солиш, шунингдек, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ва шериклик Афғонистон ва бутун минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини» эътироф этишди.

Тошкент конференцияси ва, умуман, Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати афғон можаросини ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг фаоллашишига, тинчлик жараёнини илгари суришга қаратилган минтақавий савдо-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларга ушбу мамлакатни жалб қилишга олиб келди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг