Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жазоирнинг Ўзбекистондаги элчиси тайинланди

Жазоирнинг Ўзбекистондаги элчиси тайинланди

7 ноябр, душанба куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Владимир Норов Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган Бумедиан Геннадни қабул қилди.

Элчининг ишонч ёрлиғи нусхаларини қабул қилар экан, Норов уни лавозимга тайинлангани билан табриклади ва дипломатик миссияни амалга оширишда муваффақиятлар тилади.

Б.Геннад Жазоир томони Янги Ўзбекистон билан барча йўналишларда алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади. Мамлакатнинг замонавий тараққиёти, олиб борилаётган тизимли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва эришилган ютуқларга юқори баҳо берилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон-Жазоир сиёсий мулоқотини жадаллаштириш, шу жумладан ўзаро ташрифларни ташкил этиш, маслаҳатлашувлар ўтказиш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий соҳада мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди. Жумладан, Ўзбекистонда автомобил ва нефт-газ саноати, АКТ, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда Жазоир компанияларининг иштироки тўғрисида фикр алмашилди. Икки мамлакат савдо-саноат палаталари ва бизнес субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзаро аснода савдо уйларини очиш масаласини кўриб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Жазоирдан Ўзбекистонга, хусусан, дунёга машҳур тарихий Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сайёҳлик оқимини ошириш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Музокараларда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг қатор масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг