Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Икки давлат раҳбарлари кўп қиррали шериклик истиқболларини муҳокама қилдилар

Икки давлат раҳбарлари кўп қиррали шериклик истиқболларини муҳокама қилдилар

Фото: Президент матбуот хизмати

30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида Германия Президенти давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқини мамлакатимиз мустақилликка эришганининг 30 йиллиги билан самимий табриклади. Кейинги йилларда юртимизда демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги муваффақиятлар алоҳида қайд этилди.

Мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотнинг давоми сифатида икки томонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди. Кўп қиррали муносабатларнинг бугунги даражасига юксак баҳо берилиб, истиқболдаги Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш, ишбилармонлик ташаббусларини, Германиянинг Siemens, Bosch, Man, Claas, Knauf ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари иштирокида юқори технологик тармоқлардаги саноат кооперацияси лойиҳалари ва инфратузилмани модернизация қилиш дастурларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентлар мамлакатимиз мактаблари ва олий таълим муассасаларида немис тилини чуқур ўрганиш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Ўзаро гуманитар алмашинувларни бундан буён ҳам фаол давом эттиришга келишиб олинди.

Давлатимиз раҳбари Федерал Президентга республикамизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда кўрсатилган техник-маслаҳат кўмаги учун самимий миннатдорлик билдирди.

Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди. Франк-Вальтер Штайнмайер фуқароларнинг Ўзбекистон орқали транзит йўли билан эвакуация қилинишида кўрсатилган катта ёрдам учун яна бир бор ташаккур изҳор этди. Биргаликдаги инсонпарварлик операцияларини амалга ошириш учун яқин алоқаларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Германия Президентларининг телефон орқали мулоқоти ўзаро англашув руҳида ва дўстона муҳитда ўтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг