Грузия бош вазири Ўзбекистонга келди
Жорий йилнинг 18 июль куни Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Тошкентга келди. Уни аэропортда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташриф «Янги Ўзбекистон» боғига бориш билан бошланди, И.Гарибашвили Ўзбекистон қадим тарихи ва ёрқин бугунги кунига ҳурмат тариқасида Мустақиллик монументи пойига гулдаста қўйди.
Делегациянинг навбатдаги йўналиши «Технопарк» бўлиб, у ерда меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёни, маҳаллийлаштирилган юқори технологияли маҳсулотлар турлари билан танишди.
Ўзбекистон Грузияга асосан саноат товарлари, кимё маҳсулотлари, ичимликлар, автомобиллар ва транспорт ускуналарини етказиб беради. Грузия фармацевтика маҳсулотлари, транспорт ускуналари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни импорт қилади. 2017 йилдан буён мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 34,3 фоизга ўсиб, 127,4 миллион долларни ташкил этди.
17 та замонавий, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни бирлаштирган «Технопарк»га ташриф чоғида Грузия бош вазири мамлакат салоҳиятига эътибор қаратди, шу нуқтайи назардан, бугунги кунда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш икки томонлама ҳамкорлик устувор йўналиши бўлиб қолаётгани айтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter