Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Евроиттифоқ Ўзбекистоннинг GSP+ бенефициари мақомини узайтириши кутилмоқда

Евроиттифоқ Ўзбекистоннинг GSP+ бенефициари мақомини узайтириши кутилмоқда

Европа Иттифоқи 2024–2034 йилларга мўлжалланган янги муддатда Ўзбекистоннинг GSP+ тизимининг бенефициари  сифатидаги мақомини узайтириши кутилмоқда. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Европа парламенти делегацияси билан учрашувда ушбу масала муҳокама этилди.

ИССВ матбуот хизмати хабарига кўра, ЕИ делегацияси Ўзбекистон зарур конвенцияларни ратификация қилгани ва ушбу тизимнинг бенефициари мақомини узайтириш учун барча асосларга эга эканини таъкидлаган.

Яқинда ЕИнинг юртимиздаги элчиси Шарлотта Адриан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига кўмаклашиш мақсадида 5 млн евролик лойиҳа молиялаштирилаётганини маълум қилганди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигидаги музокараларда ҳам ЕИ раҳбариятининг бу жараёнда яқин ҳамкорлик қилиш, консалтинг ва техник ёрдам кўрсатишни давом эттиришга содиқлиги таъкидланган.

Маълумот ўрнида, Европа парламентининг Марказий Осиё ва Мўғулистон мамлакатлари билан алоқаларга масъул аъзоси Фульвио Мартушелло бошчилигидаги делегация 3-5 апрель кунги ташриф давомида Тошкентда Олий Мажлис ва ҳукумат вакиллари билан учрашди. Европалик меҳмонлар Қорақалпоғистоннинг Нукус ва Мўйноқ шаҳарларида ҳам бўлди. 

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон 2021 йил апрель ойидан ЕИнинг GSP+ тизимига аъзо бўлган.

Шу тариқа Ўзбекистон Европа бозорига 6200 дан ортиқ товар позицияларини божсиз экспорт қилиш имконига эга бўлди. GSP+ бенефициари мақоми туфайли Европага Ўзбекистоннинг экспорт улуши сезиларли даражада ошмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил октябрь ойида Остонада ўтказилган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитидаги чиқишида мамлакатимиз GSP+ тизимига қўшилганидан сўнг юқори қўшилган қийматли ўзбек маҳсулотларининг экспорти қарийб икки баробар ошганини қайд этгани ҳолда, умумий рақамлар мавжуд улкан имкониятларга мос эмаслигини таъкидлаган ва уни ошириш йўлларини таклиф қилган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг