Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди

ЕИ Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди

Қўмита йиғилишига Л.Девин ва Б.Обидов раислик қилди.

Жорий йилнинг 10 ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга ўсди ва 4,8 миллиард долларни ташкил этди. Мазкур рақамларни янада ошириш имконияти мавжуд.

Бу ҳақда 5 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Европа Иттифоқи ҳамкорлик қўмитасининг 19-йиғилишида қайд этилди.

Тадбирга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов ва Европа ташқи фаолият хизмати Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори ўринбосари Люк Девин ҳамраислик қилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Б.Обидов Европа томонига Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида мамлакатни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини айтиб ўтган.

Стратегияда 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларни 4 минг долларга етказиш, шунингдек, 110 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш каби вазифалар белгиланган. Европа томони мамлакатимизга ўз мақсадларига эришишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон 2021 йил апрель ойидан ЕИнинг GSP+ тизимига аъзо бўлди. Шу тариқа мамлакатимиз Европа бозорига 6200 дан ортиқ товар позицияларини божсиз экспорт қилиш имконини қўлга киритди.

Умумий имтиёзлар тизими (GSP+) бенефициари мақоми туфайли икки томонлама савдо сезиларли даражада ошмоқда. Жорий йил 22 ноябрь куни эса Брюссель GSP+ муддатини келгуси тўрт йилга, яъни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтиришга қарор қилди.

Ўзбекистон – ЕИ ҳамкорлик қўмитасининг 19-йиғилишида GSP+ афзалликларидан фойдаланган ҳолда савдо тартиб-қоидаларини либераллаштириш чора-тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

2030 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг энергия сиғимини 1,5 баробарга камайтириш ва энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш мақсад қилиб қўйилган. ЕИ бу борада ҳам, хусусан, “яшил энергия” лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмак кўрсатади.

Томонлар GSP+ афзалликларидан фойдаланган ҳолда савдо қоидаларини яна либераллаштиришга келишди.

Брюссель, шунингдек, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг транспорт йўлакларини диверсификация қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Учрашувда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари, 2024 йилга мўлжалланган сиёсий шериклик ҳолати ҳам кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Европа ташқи фаолият хизмати Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори ўринбосари Люк Девин ўтган йили ҳам юртимизга ташриф буюрган эди.

Европалик юқори мартабали дипломат ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг