Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Британ вакцинаси, Брексит, журналистларга тазйиқлар...» — Буюк Британия элчиси билан интервью

«Британ вакцинаси, Брексит, журналистларга тазйиқлар...» — Буюк Британия элчиси билан интервью

Тим Торлот, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси

«Xabar.uz» ахборот таҳлилий портали хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари билан интервьюлар ўтказишни бошлади. Биринчи меҳмонимиз Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот бўлди.

Тим Торлот кучли дипломат бўлиб, Буюк Британиянинг энг муҳим стратегик нуқталарида фаолият олиб борган, 2019 йилда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган.

Ассалому алайкум, жаноб Тим Торлот! Аввало, биз билан суҳбатлашишга рози бўлганингиз учун ташаккур! 2020 йил жамиийки инсониятга оғир йил бўлди, дейишимиз мумкин. Жаноб элчи, айтингчи, 2020 йил сиз ва Буюк Британия учун қандай ўтди?

— Ўзбекистонлик дўстларимизга ассалому алайкум! Сизлар («xabar.uz» назарда тутиляпти – таҳр.) ва ўқувчиларингиз билан суҳбат қилишдан мамнунман. Мени интервьюга таклиф қилганингиз учун миннатдорман. Тўғри айтиб ўтдингиз, 2020 йил барчамиз учун машаққатли бўлди. «COVID-19» Буюк Британия учун жуда қаттиқ зарба бўлди. Англиянинг ўзида (Англия Буюк Британиянинг 4дан 1 қисми) 2 миллиондан ортиқ инсон вирусни юқтириб олди ва 70,000дан ортиқ одам вафот этди. Бу иқтисодиётимизга ҳам катта зарар етказди. Аммо шуни айтиш жоизки, коронавирус инсониятни қийинчилик юзага келганда жуда ноодатий тарзда бирлашишини кўрсатди. Дунёнинг барча кучли илмга эга олимлари бир жойга тўпланиб, энг қисқа вақтда муваффақиятли вакцина ишлаб чиқа олдилар. Британиялик олимлар ва Британиянинг саноати бу масалада муҳим рол ўйнади. Биз «COVAX» ташаббусининг етакчи асосчиларидан бўлдик. Яқин ҳафталарда «AstraZeneca» вакцинасининг биринчи партияси Ўзбекистонга олиб кирилади. Умид қиламанки, бу йил барчамиз бирлашиб, иштиёқ ва куч билан иқлим ўзгариши ҳамда шу каби глобал муаммоларни ечишга бел боғлаймиз.

— Британияликлар соғлом турмуш тарзига амал қиладиган миллат. Коронавируснинг янги штаммлари мамлакатингизда авж олиб кетишига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз? Коронавирус пандемияси ўзаро алоқаларимизга қай даражада таъсир қилмоқда?

— Биз ҳали ҳам коронавирусни ўрганмоқдамиз ва шунинг учун унинг турли шаклларини айнан нима яратганини аниқ айта олиш қийин. Муҳими шундаки, барчамиз бир биримизни асрашимиз, вируснинг тарқалишини олдини олишимиз учун қўлимиздан келганини қилишимиз шарт. Бу борада билган нарсамиз шуки, ҳали ҳам тиббий ниқобларимизни тақиб, қўлларимизни совунлаб ювишимиз зарурдир. Коронавирус, албатта, бизнинг юзма-юз кўришишимиз ва ўз истаганимиздек саёҳат қилишимизни чеклаб қўйди. Аммо шу билан бир қаторда бу ҳолат бизларга ишлашнинг янги усулларини кўрсатди. Алоқаларимиз пандемияга қарамай нақадар кучли бўлиб қолишини исботлади. Йилнинг бошида бизнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича элчимиз Ўзбекистонга виртуал ташриф буюрди. Бизнинг тажрибамиздаги энг катта Ўзбек-Британ Савдо ва Саноат Кенгаши бўлиб ўтди. Чевенинг гранти соҳиблари Британияга таълим олмоқдалар. Шунингдек бизнинг сиёсий музокараларимиз жисмоний учрашувлар ташкил қилингунга қадар онлайн тарзда давом этмоқда. Британия ва Ўзбекистон алоқалари маҳкамдир ва янада ўсишига «COVID-19» тўсқинлик қила олмайди.

— Сиз Ўзбекистонга Британия элчиси этиб тайинлангунингизга қадар бир қанча давлатларда дипломатик миссиялар билан бўлгансиз. Айтингчи, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан қанчалик фарқ қилади?

— Ҳар бир давлат ўзгачадир. Мен Яқин Шарқ, Жанубий Америка, Австралия, Европа ва мана энди Ўрта Осиёда фаолият юритганимдан ўзимни бахтли ҳис қиламан. Бу ўлка мен учун тамоман янги тажрибадир. Икки ғаройиб тилларга мослашишга тўғри келяпти. Тан олишим жоизки, бу диёрнинг ўзгача чуқур тарихи ва маданияти ҳақида ўйлаганимдан оз билган эканман. Шунингдек бу ерда фаолият юритиш ҳам ўзгача. Бу давлат мен яшаган ва ишлаган бошқа давлатларга нисбатан кўпроқ расмий экан. Ўзбекистон жуда ажойиб диёр, одамларнинг меҳмондўстлиги ажойибдир. Менинг элчилик даврим ҳам давлатларимизнинг алоқалари учун жуда ҳам ижобий бўлди ва бўлмоқда.

— Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этди. Европа Иттифоқини ташкиллаштиришда катта рол ўйнаган Британиянинг бу ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин? Брексит Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир қилади?

— Европа Иттифоқини тарк этиш Буюк Британия фуқаролари овоз берган референдум натижасида қабул қилинган қарордир. Ҳозирда эса, Европа Иттифоқини тарк этган эканмиз, бу бизга янги савдо шартномаларини тузиб, олдинги алоқаларни мустаҳкамлаб, янгиларини қуриш имкониятини берди. Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида таълим каби бир неча соҳаларда аллақачон кучли ҳамкорликлар йўлга қўйилган. Шунинг билан бирга, парламентларимиз савдо-сотиқ борасида янада яқинроқ ҳамкорлик ўрнатишига умид қиламиз.

— Хабарингиз бўлса керак, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида кирди. Фикрингизча, иқтисодий иттифоқларга аъзо бўлиш мамлакат учун фойдалими ёки..?

— Бу аъзолик яқин ва узоқ муддатда фойдали бўлиш бўлмаслиги фақатгина Ўзбекистонга боғлиқ.

— Буюк Британия Олий таълим бериш тизимида энг юқори кўрсатгичларни қайд этиб келади. Ўзбекистондаги олий таълим тизимини қандай баҳолаган бўлардингиз ва келажакда Буюк Британия-Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасида қандай ҳамкорлик лойиҳалари режалаштириляпти?

— Буюк Британия билим олиш ва илм-фан тадқиқотлари учун дунёнинг энг етакчи давлатларидандир. Британиянинг 4 та университети дунё университетлари рейтингида ТОП-10 таликка, 18 та университети эса ТОП-100 таликка киради. Ўзбекистоннинг миллий таълим тизимида ҳам катта ислоҳотлар кетяпти. Алоҳида эътибор билимнинг сифати ва аҳамиятига қаратилиши, билим олишга имкониятлар кенгайтирилиши, халқаро миқёсдаги таълим ўрнатилиши, дунё бўйлаб ҳамкорлар билан алоқалар йўлга қўйилишини алоҳида айтиб ўтишим мумкин.

Британия Кенгашининг Олий Таълим дастури ислоҳотлар дастурининг талабларига жавоб бериб, узоқ-муддатли барқарорлик учун икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Бу эса таълимнинг институционал ва давлат миқёсида кучайиши ҳамда хилма-хиллигини таъминлайди. Бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Эл Юрт Умиди» жамғармаси ва бошқа қатор муҳим ҳамкорлар билан биргаликда амалга ошириляпти.

Британия Кенгашининг лойиҳаларидан бири «Creative Spark» дастури бўлиб, икки томонлама университетлар ва ижодий институтларнинг ҳамкорлигини ривожлантиради. Битирувчиларнинг Истиқболларини Ошириш (Higher Education for Employability) дастури етакчи олий билим юртлари билан меҳнат сифати агентликлари орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Халқаро таълимни ривожлантириш учун биз икки томонлама ҳамкорликларни олиб бориб, фойдали билим алмашуви дастурларини йўлга қўямиз. Ва бу борада яқинда бўлиб ўтган «Буюк Британияга Йўл» номли Британия Кенгаши томонидан ташкил этилган кўргазма каби кўплаб тадбирлар Британия ўқув юртларининг тобора ўсиб бораётган ўзбек таълим бозорига кириб келишига кўмаклашмоқда. Мазкур кўргазмада 45 та Британия олий таълим муассасалари иштирок этиб, 2000дан ортиқ ўзбекистонлик қатнашчиларни жалб этди.

— Буюк Британияда ОАВлар яхши ривожланган. Сиз дипломатик миссияларингизнинг аксарияти цензура ва ОАВ эркинлиги паст баҳоланадиган ҳудудларда бўлган. Бу фаолиятингизда тўсқинликка учрашингизга сабаб бўлмаганми? Умуман олганда, Ўзбекистондаги ОАВларни қандай баҳолаган бўлардингиз ва сизни эътиборингизни нималар тортди?

— Ўзбекистонда бир қатор аъло, профессионал журналистлар ва блоггер бор. Уларнинг ахборот етказиши эътиборга муҳтож соҳаларни ва муаммоларни кўтаришда муҳим рол ўйнайди. Бу борада мавзулар инсон ҳуқуқларидан паркларни ҳимоялашгача бориши мумкин. ОАВ жамиятдаги очиқ ва муҳим баҳсларни олиб боришни кафолатлайдилар. Бундай баҳслар турли фикр алмашуви ва иқлим ўзгариши каби муҳим глобал мавзуларни оммага таништириш учун зарурдир.

Яқинда кўнгилни хира қилувчи бир неча зиддиятлар кузатилди. Блоггерлар ва журналистлар тазйиқ-у хавф остида қолмоқдалар, танқид ва баҳсларни ўчириш учун турли вазиятлар кузатилмоқда. Бундай ишлар, очиқчасига айтсам, тўғри эмас ва ҳукумат вакиллари ОАВ ўз ишини бемалол бажара олишини ва ҳимояда бўлишини кафолатлаши зарурдир. Президент Мирзиёев ҳам буни шахсан ўзи таъкидлаб ўтди. Бу борада Жаноб Президент жуда ҳақ.

— Жаноб Тим Торлот, мазмунли суҳбатингиз ва бизга вақт ажратганингиз учун миннаддорчилик билдирамиз.

Санжар Машриқий суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг