«Биз Ўзбекистонда ўз уйимиздагидекмиз» — Виктор Орбан
Бугун Тошкентда Венгрия бош вазири Виктор Орбанни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимдан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги давр бошланганини таъкидлаб ўтишди.
— Венгрия билан ҳамкорлик истиқболли ҳисобланади. Биз қатор соҳаларда Венгрия тажрибасини қўллашга тайёрмиз. Таълим бўйича ҳамкорликка катта эътибор қаратилади. Мамлакатимизда Дебрецен университети иш бошланаётганидан хурсандман. Бугун ушбу масалада керакли ҳужжатларга қўл қўйилади.
Спорт, хусусан футбол бўйича алоқаларни ривожлантиришга тайёрмиз.
БМТ ва Туркий кенгаш бўйича Ўзбекистон ва Венгрия қарашлари муштарак эканини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, — деди Шавкат Мирзиёев.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан маросим давомида хусусан шундай деди:
— Давлатлар ўртасидаги ҳамкорликда пул ва иқтисод албатта муҳим ўрин тутади, аммо Венгрия учун қадимий маданият ҳам катта аҳамиятга эга. Биз ўз қадриятларини асрайдиган халқни ҳурмат қиламиз.
Биз Европада ўзгача ўринга эгамиз. Венгрия Европа халқлари учун қардош эмас, шу сабабли алоҳида келиб чиқишга эга давлатдир. Бизнинг маданиятимиз ва тарихимиз Шарқ билан боғлиқдир. Шунга монанд, ҳар бир венгер ўз илдизини билишни истайди.
Биз учун Ўрта Осиёнинг ўрни жуда катта. Биз қардош халқлармиз.
Шунингдек биз насроний, сиз эса мусулмон эканингиз ҳам икки халқ муносабатларида катта фарқ касб этмайди. Аксинча, бу ўзаро бир-биримизни ҳурмат қилишимиз учун яна бир сабабдир.
Биз бу ерда ўзимизни ўз уйимиздагидек ҳис қиламиз. Шу сабабли ҳам дипломатия қоидаларидан бироз четга чиқиб, нисбатан эркинроқ гапиришимиз мумкин.
Биз оғир 30 йиллик даврни ортда қолдирдик. Шу сабабли хусусийлаштириш, банк-молия ва бошқа бир қатор соҳаларда қандай хатоларга йўл қўйганимизни яхши биламиз.
Венгрия бугунги кунда муваффақиятларга эришаётган давлатдир. Муваффақиятли давлат эса ўз хатоларини ҳам бемалол тан олади. Биз ўз ютуқларимиз йўли ва тажрибаларимизни бажонидил сиз билан бўлишишга тайёрмиз, — қайд этди Виктор Орбан.
Тадбир якунида Шавкат Мирзиёев Венгрия делегациясини қутлади:
— Мен шуни таъкидлашим керакки, Венгриянинг дўстлари жуда кўп ва улар орасида Ўзбекистон ҳам албатта бор, — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter