Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир нечта ҳокимга ҳайфсан, Андижон шаҳар ҳокимига охирги огоҳлантириш берилди

Бир нечта ҳокимга ҳайфсан, Андижон шаҳар ҳокимига охирги огоҳлантириш берилди

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев.

Фото: «Ок»

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган ўқитувчи, шифокор ва талабаларни ободонлаштириш ва йиғим-терим ишларига мажбурий жалб қилинишига қарши қаратилган видеоселектор йиғилишида бир нечта ҳокимга нисбатан интизомий жазо чоралари белгиланди.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбирининг хабар беришича, мактабгача таълим муассасалари раҳбарларига, тадбиркорларга шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун ўз иш ҳақларидан қиммат нархларда гул ва дарахт кўчатларини сотиб олишга мажбур қилишгани учун Андижон шаҳар ҳокими Раҳматуллаев ва Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳмоновга ҳайфсан ҳамда охирги марта огоҳлантириш берилган.

Шаҳриҳон тумани ҳокими Дадахоновга таълим соҳаси вакилларини кўча тозалатишга, ободонлаштириш ва дала ишларига олиб чиққани учун, Олтинсой тумани ҳокими Бойниёзов тумандаги касб-ҳунар коллежларини узумчилик, токни очиш, кесиш, хомтак қилиш бўйича фермерларга бириктириб қўйгани ҳамда коллежларга икки тоннадан олти тоннагача металлолом топшириш мажбуриятини юклагани учун ҳайфсан эълон қилинди.

«Ҳозир металлолом мажбурияти деган нарса йўқ. Юқорироқ нарх белгиланганидан бери шундоқ ҳам одамлар ўзлари олиб бориб топширишяпти. Меткомбинатнинг омборлари тўлиб кетган. Шунинг учун коллежларни бунга жалб қилиш умуман тўғри келмайди», - деди Бош вазир.

Шунингдек, Боғот тумани ҳокими Рахимов, Учкўприк тумани ҳокими Бойжигитовга нисбатан ҳам юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўйгани учун ҳайфсан эълон қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг