Асад яқин орада президент лавозимини тарк этмайди
Сурия мухолифати ва қатор ғарб давлатлари томонидан бир неча марта ўз лавозимини тарк этиши талаб қилинганига қарамай, Сурия президенти Башар Асад лавозимида қолади. Бундай фикрни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон «Тime» журналига берган интервьюсида айтиб ўтган. Ушбу интервью 30 март куни эълон қилинган. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Башар кетмайди. Ўйлашимча, у эронликларнинг хоҳлаган ишларини қилишларига йўл қўймайди», — деди у.
Шунингдек, шаҳзода АҚШ қўшинларининг Сурия ҳудудида қолишига умид қилаётганини ҳам айтган. Агар улар ҳудудни тарк этадиган бўлса Сурияда ИШИДга қарши курашда фойдаланилаётган Дайр аз-Зор вилоятидаги ҳарбий базани бой беришлари мумкин.
Аввалроқ, 29 март куни АҚШ президенти Доналд Трамп америкалик ҳарбийлар жуда тез фурсатда Сурия ҳудудини тарк этиши мумкинлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра Сурия ҳақида бошқалар қайғурадиган пайт аллақачон етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, Сурияда 2011 йилдан буён ҳукумат кучлари ҳамда президент Асаднинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилувчи кучлар ўртасида қуролли кураш давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter