Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Давлат котиби Тошкентда берган баёнот Хитойнинг ғазабини қўзғади

АҚШ Давлат котиби Тошкентда берган баёнот Хитойнинг ғазабини қўзғади

Абдулазиз Комилов ва Майкл Помпео. Тошкент машваратидан эсдалик.

Фото: «AP»

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг Тошкентда билдирган мулоҳазаларига ғазабнок баёнот билан жавоб қилди.

Америкалик юқори мартабали дипломат расмий Пекин сармоя киритиш орқали Марказий Осиё минтақасида ўз таъсирини оширишга уринаётгани эҳтимолига тўхталган эди.

Хитой элчихонаси АҚШ Давлат котибини ёлғон, иғво ва туҳмат орқали расмий Пекинни обрўсизлантиришда айблаган. Қолаверса, америкалик дипломат Хитойга ғанимларча муносабатда бўлаётгани таъкидланган.

«Хитойни ёмонотлиқ қилиш ва Хитой ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстона ришталарни узиш йўлидаги ҳар қандай уриниш муваффақиятсизликка учраши аниқ», — дея юксак пафосда якунланади элчихона баёноти.

АҚШ Давлат котиби 3 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан музокаралар ўтказгач, матбуот анжуманида иштирок этди. Мулоқот асносида «Associated Press» агентлиги мухбири томонидан Хитой сармоясининг Марказий Осиё учун таҳдид экани борасида ҳам савол берилди. Америка дипломати бу борадаги мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, Ўзбекистон АҚШ, Хитой ва Россия билан мувозанатни бузмаган ҳолда ҳамкорлик қилишга интилаётганини олқишлади.

Майкл Помпео АҚШни Ўзбекистоннинг «ҳақиқий дўсти» деб атади ва мамлакатда Америка компаниялари фаолияти ҳар икки томон учун манфаатли эканини урғулади. Помпеога кўра, 2019 йилда Қўшма Штатлар Ўзбекистонда қонун устуворлиги, таълим ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион долларга яқин маблағ ажратди.

Қайд этиш жоизи, Хитойга нисбатан муросасиз позицияси билан тилга тушган Помпео Тошкентдаги анжуманда кескин танқидий фикрлардан тийилган.

Хўш, у ҳолда Хитой элчихонасининг ғазабнок баёнотини қандай изоҳлаш мумкин? Гап шундаки, АҚШнинг биринчи рақамли дипломати кўпдан буён Хитой маъмурияти томонидан Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмон аҳолига нисбатан юритилаётган «зулм сиёсати»ни кескин танқид қилиб келади.

Давлат котиби Тошкентга ташрифидан аввал, 2 февраль куни Қозоғистон пойтахти Нурсултонда ўтказилган музокараларда ҳам мазкур муаммони кўтарган. Майкл Помпео, хусусан, Қозоғистон раҳбариятини Шинжонда этник озчилик аҳолига нисбатан юритилаётган қатағон сиёсатига қарши туришга даъват этган.

Яна бир гап. Расмий Пекин (шу билан бирга, Кремль) Вашингтоннинг Марказий Осиё минтақасида фаоллашувини хавотир билан кузатиб бормоқда. Хусусан, АҚШ 2015 йилдан буён минтақа давлатлари билан «С5+1» форматида мунтазам мулоқот қилиб келмоқда

Дарвоқе, Тошкентдаги музокараларда ҳам Майкл Помпео Вашингтон минтақа бўйича махсус стратегия ишлаб чиқиш ниятида эканини очиқлади.

Дипломатлар ҳар қанча рад этмасин, Россия, Хитой ҳамда АҚШ каби мамлакатлар ғоят муҳим стратегик нуқтада жойлашган минтақа учун ўзига хос рақобатга киришгани сир эмас. Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси берган баёнотда ҳам ўша кўринмас рақобат нафаси сезилмоқда, дейиш мумкин. Бу эса Ўзбекистон учун энг мақбул йўл кўп векторли ташқи сиёсат экани борасидаги фикрларни яна бир карра тасдиқлайди. Демак, мамлакат фақат Пекин ёки Москвага суяниб қолмай, Вашингтон, Брюссель каби дунё сиёсати марказлари билан ҳам робиталарни мустаҳкамлаши мақсадга мувофиқдир.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг