Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афв этиш ҳақидаги фармон ижроси ўз вақтида таъминландими?

Афв этиш ҳақидаги фармон ижроси ўз вақтида таъминландими?

Фото: «President.uz»

2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Фармон қабул қилинганидан сўнг унинг ижросини таъминлаш муддати 24 соат этиб белгиланган. Ижро билан боғлиқ жараён ўз вақтида тўлиқ таъминландими? Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатда ойдинлик киритди.

— Дарҳақиқат, афв этилганлар шахси аниқлиги боис ҳам фармон ижроси учун қисқа вақт белгиланган. Амнистия акти уч ой ва ундан кўпроқ вақтда амалга оширилган бўлса, афв этилган шахслар бир кун ичида ўз уйига қайтмоқда.

Қайд этиб ўтиш керакки, афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниши, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилиши, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниши, шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилиши белгиланган эди.

Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этди.

2018 йил 13 июнь куни фармон ижроси тўлиқ якунига етказилди. Энг аввало, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясидан афв этилган хотин-қизлар озодликка чиқарилди.

Сир эмас, аёл ким бўлишидан қатъи назар, у она, оила бекаси. Афв этилганларнинг салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этгани ҳам уларга бўлган эътибор намунаси. Бундан баҳраманд бўлган опа-сингилларимизнинг қувончи чексиз бўлганига ижро жараёнида гувоҳ бўлдик. Тошкентлик Зарифа Қўлдашева муборак рамазон ойида афв этилгани, хатосини тўғрилаш учун имкон берилганидан давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдор бўлганини таъкидлади. Самарқандлик Малоҳат Қаландарова муборак кунларда мени интизор кутган яқинларимнинг бағри тўлади, соғинган фарзандим она меҳрига қонади, бунинг учун Президентимизга минг бор ташаккур, дейди. У мамлакатимизнинг ривожи йўлида бор куч-ғайрат билан хизмат қилишга ваъда берди.

Шу каби бошқа жазони ижро этиш муассасаларида ҳам фармон ижроси тўлиқ таъминланиб, афв этилган шахслар оиласи бағрига қайтди. Ҳозирда уларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш каби чора-тадбирларга киришилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг