Абдулазиз Комилов АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси билан учрашди
2019 йилнинг 17 июл куни Вашингтон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Роберт Болтон билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг ҳолати ва уларни янада ривожлантиришнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Жон Болтон Вашингтон шаҳридаги Дин эркинликлари бўйича иккинчи вазирлар конференциясида бу каби нуфузли делегация иштирок этаётганини мамнуният билан қайд этди.
Икки давлат раҳбарлари томонидан 2018 йил май ойида қабул қилинган «Ўзбекистон ва АҚШ: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» номли Қўшма сиёсий баёнот, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи ва Президент Доналд Трамп билан музокаралар доирасида эришилган бошқа келишувларни амалга оширишни давом эттиришга ўзаро қизиқиш мавжудлиги эътироф этилди.
Афғонистон йўналишидаги ҳамкорликка оид масалалар муҳокамаси чоғида АҚШ томони афгўнлараро тинчлик мулоқоти механизмларини йўлга қўйиш, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш, ушбу мамлакатни Марказий Осиёдаги кўп қиррали минтақавий алоқаларга жалб этишдаги Ўзбекистоннинг муҳим ролини қайд этди.
Томонлар ҳамкорликнинг янги соҳаларини белгилаш мақсадида турли даражадаги мунтазам алоқаларларни давом эттиришга келишдилар.
* * *
Музокаралар якунига кўра Жон Болтон ўзининг «Твиттер»даги саҳифасида қуйидагича қайд қолдирди: «Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А. Комилов билан жуда яхши учрашув ўтказдим. Биз томонларни қизиқтирган кўплаб масалаларни ҳамда шерикчилигимизни илгари суришнинг энг яхши чораларини муҳокама қилдик.
Биз Ўзбекистондаги ислоҳотларни ва уларни бутун Марказий Осиё минтақасига ижобий таъсирини олқишлаймиз. АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигининг чуқурлашишини сабрсизлик билан кутмоқдамиз».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter