Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди» — Абдулазиз Комилов

«Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди» — Абдулазиз Комилов

Марказий Осиё мамлакатлари биринчи марта  минтақавий кооперацияни ривожлантиришга доир ягона қарашни – «Марказий Осиё – 2040» концепциясини келишиб олдилар.

Бу ҳужжат давлатларнинг минтақавий ҳамкорлик жараёнига ортга қайтмас ва изчил тус беришга содиқ эканини тасдиқлади. У ўзаро ҳамкорликнинг барча асосий соҳаларини қамраб олди, истиқболга мўлжалланган аниқ амалий режаларни, уларни амалга ошириш шакллари ва механизмларини белгилаб берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг «Янги Ўзбекистон» газетасида чиққан мақоласида сўз боради.

«Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди. Биз чегара ҳудудларидаги можаролар ва миналанган далаларга, транспортблокадаларига, савдо соҳасидабаланд тўсиқлар ўрнатилганига гувоҳ эдик», — дея эслайди Абдулазиз Комилов — «Сув ресурсларидан, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувларнинг очиқ қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор эди».

Сиёсатчи минтақадаги баъзи кучлар ишончсизлик руҳини авж олдириш ва умумий тарихий меросимиздан ўз манфаатлари учун фойдаланиш орқали мухолифлик ва рақобатни келтириб чиқаргани, тарқоқлигимиз бизни заифлаштиргани, бирлашиш истиқболларидан маҳрум этгани ҳақида ёзади.

«Буларнинг барчаси асрлар давомида ёнма-ён тинч-тотув яшаб келган, бир динга эътиқод қилган, умумий урф-одат ва анъаналарга эга бўлган, минглаб кўринмас ришталар билан боғланган Марказий Осиё халқларининг маданий-цивилизациявий қадриятларига мутлақо зид эди.

Қолаверса, глобал ишонч инқирозининг чуқурлашуви ва қуролли можароларнинг кескинлашуви минтақанинг барқарорлиги ва изчил ривожланишига салбий таъсир кўрсата бошлади. Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва халқлари каби Ўзбекистоннинг ҳам фаровонлиги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларга, минтақада хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигига боғлиқ, деган тушунча тобора мустаҳкамланди», — қайд этади собиқ Ташқи ишлар вазири.

Абдулазиз Комиловнинг эътирофича, туб ўзгаришларга, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга, қўшнилар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда эскирган ёндашувлардан батамом воз кечишга бўлган ижтимоий талабни чуқур ҳис қилган етакчи – Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев бўлди.

Ўзбекистон раҳбари 2016 йилда Парламентга йўллаган биринчи мурожаатномасида устувор йўналишларни аниқ белгилаб, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашни биринчи ўринга қўйган эди. «Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз», деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Давлатимиз раҳбари сайловдан кейин кўп вақт ўтмай Ашхобод ва Остона шаҳарларига илк расмий ташрифларини амалга ошириб, Марказий Осиё – устувор, деган тамойилни яна бир бор тасдиқлагани бежиз эмас», деб ёзади мақола муаллифи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг