2017 йилда табиий газ қазиш ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш прогнози етарли даражада бажарилмаган
Углеводород хом ашёсини қазиб олишни кўпайтиришнинг 2021 йилгача бўлган дастури ва уни амалга ошириш механизмлари тасдиқланди. Бу 25 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти тизимида геология-қидирув ва қазиб олиш ишлари самарадорлиги, ёқилғи материаллари билан ички эҳтиёжни таъминлашнинг аҳволи, тизимдаги истиқболли вазифалар ижросига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Мамлакатимизда ер ости бойликлари кўп. Уларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш бўйича янги тизим яратилди. Хўш, юртимиз бойликлари халқимизга қандай манфаат келтирмоқда, деди давлатимиз раҳбари.
2017 йилда нефть ва газ конденсати қазиш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича белгиланган режа бажарилган. Лекин тармоқда йиллар давомида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган.
Захиралар етарли даражада ошириб борилмагани сабабли 2017 йилда табиий газ қазиш ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш прогнози етарли даражада бажарилмаган. Геология-қидирув жараёнидаги бурғилаш ҳажми бўйича прогноз 77 фоизга бажарилган. Агар бу ишлар тўлиқ адо этилганида захирани янада ошириш мумкин бўлар эди.
Шунингдек, эксплуатацион бурғилаш ишлари прогнози 49 фоизга ва қурилиши тугатилган қудуқлар сони прогнози 53 фоизга бажарилган, холос.
Табиий газ қазиш қувватлари ҳамда тарқатиш тармоқларини модернизация қилиш ва таъмирлаш ишлари ҳам етарли даражада эмас. Бунинг оқибатида газ қазиб олишдан бошлаб, уни истеъмолчига етказиб бергунча ушбу табиий бойликнинг 6 фоизи йўқотилмоқда.
Президентимиз шу каби камчиликларни танқидий таҳлил қилар экан, углеводород захираларини ошириш ва қазиб чиқаришни кўпайтириш борасидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter